Давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ўзига хос, оқилона ташқи сиёсат туфайли халқаро ҳамкорлик алоқалари кенгайиб, кўплаб мамлакатлар билан боғланган ришталар стратегик шериклик даражасига кўтарилмоқда.
Тарихий илдизларга эга Ўзбекистон – Италия дўстона муносабати бунга яққол мисол. Бугунги кунда ушбу кўп қиррали шериклик телекоммуникация, фан, туризм, маданият, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт каби турли соҳалар бўйича жадал ривожланмоқда.
Ўзбекистонда Италия инвестицияси иштирокида фаолият кўрсатаётган 59 корхонанинг 18 таси 100 фоиз хорижий капитал асосида шакллантирилган.
2021 йил 11 март куни Тошкентнинг Турин политехника университетида очилган “Confindustria” Ўзбекистон филиали Италиядаги 150 минг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш компанияларини бирлаштирган ва мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшадиган корхоналарни қўллаб-қувватлаб келади.
ЎзА мухбири икки мамлакат савдо-иқтисодий ҳамкорлиги билан боғлиқ жараён хусусида Италия – Ўзбекистон Савдо палатаси кенгаши аъзоси Марко Фарчи билан суҳбатлашди.
– Жаноб Фарчи, дастлаб икки мамлакат ўртасида ҳамкорликнинг жорий ҳолати ҳақида ўқувчиларимизга маълумот берсангиз.
– Бугунги кунда Ўзбекистон ва Италия ўртасида қишлоқ хўжалиги, саноат, соғлиқни сақлаш, технология, инновация каби турли соҳаларда муҳим шартнома, англашув меморандумлари имзоланган. Бу икки мамлакат ишбилармон доираларини янада яқинлаштириш, 200 дан зиёд компания ва ташкилот иштирокида қўшма бизнес-форум ташкил этиш имкони яратилди. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегияси доирасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан икки мамлакат ҳам манфаатдор.
Ҳозир технология ва инновациялар шерикликнинг асосий йўналишларидир. Хусусан, Ўзбекистонда замонавий миллий инновацион тизимни ривожлантириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишганмиз. Ҳамкорлик жамоат, тадқиқот ташкилотлари салоҳиятини ошириш, инновацияни, тадбиркорликни ривожлантириш, илм-фанга асосланган стартап ва илмий-тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, рақамли кўникмани, саводхонликни ошириш, иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган.
Шунингдек, қайта тикланадиган энергия, машинасозлик, тўқимачилик, чарм саноати ва бошқа соҳаларда қўшма илмий-тадқиқот фаолияти, академик алмашинув, технологияларни узатиш ва инновацион маҳсулот, хизматларни тижоратлаштиришни ўз ичига олади.
– Саъй-ҳаракатлар қандай натижа беряпти?
Италия савдо агентлиги ва Ўзбекистон Инновацион ривожланиш агентлиги, ҳар икки мамлакатнинг уюшма, университетлари қўшма ташаббуси билан Тошкентда Италия – Ўзбекистон илғор муҳандислик маркази (ITA-UZB Center) ташкил этилгани ҳамкорликнинг ёрқин самарасидир. Марказ янги маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича ўқув, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини олиб бориш, машинасозлик, тўқимачилик ва чарм саноати каби соҳаларда технологияларни жорий этиш, инновацион диффузияни осонлаштиришга қаратилган.
2022 йил Ўзбекистон Италияга 48,68 миллион долларлик товар экспорт қилди, бу 2021 йилга нисбатан 25 фоиз кўп. Экспорт асосини 25,66 миллион долларлик трикотаж ёки тўқилган мато, 6,61 миллион доллар қийматдаги кийим-кечак, цинк (6,33), пахта (6,02), 2,46 миллион долларга тенг ишлов берилмаган тери ташкил қилди.
Ўзбекистон Италиядан 1,01 миллиард долларлик маҳсулот импорт қилди, бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 10 фоиз кўп. Бу жараёнда мамлакатга, асосан, қадоқланган дори-дармон (1,04 миллион долларлик), автотранспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлар (1,01 миллион долларлик), енгил автомобил (656 миллион долларлик), тозаланган нефть (608 миллион долларлик) ва буғдой (535 миллион долларлик) кириб келган. Машинасозлик ва транспорт тармоғи йиллик жами импортнинг 32,4 фоизини ташкил этган.
– Қайси маҳсулотларга ўзаро талаб кучли?
– Италияда Ўзбекистоннинг тўқимачилик, озиқ-овқат маҳсулотлари, чарм буюмлари ва асбоб-ускуналарига талаб юқори, Ўзбекистонда эса Италиянинг қадоқланган дори-дармон, автотранспорт воситаси ва эҳтиёт қисмлар, автомобиль ва қайта ишланган нефть каби товарлари харидоргир. Умуман, Ўзбекистон Италияга кўпроқ саноат маҳсулотлари экспорт қилмоқда, бу мамлакат иқтисодиёти диверсификацияси, қўшилган қиймат ошишида акс этмоқда. Ўзбекистон Италиядан кўпроқ машина ва транспорт ускуналари импорт қиляпти. Бу саноатлаштириш сиёсатини ривожлантириш, инфратузилмани модернизация қилишга кўмаклашади.
– Италия ишбилармон доиралари Ўзбекистондаги қайси соҳаларга қизиқиш билдиради? Уларни нима кўпроқ жалб қилади?
– Италия ишбилармон доиралари Ўзбекистон билан савдо, инвестиция, энергетика, қишлоқ хўжалиги, технология, инновация, таълим каби турли соҳаларда ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Уларни Ўзбекистонда хорижий ҳамкорлар учун тақдим этилаётган ислоҳотлар,яратилаётган кенг имкониятлар, шунингдек, Марказий Осиёнинг стратегик жойлашуви, потенциал бозори жалб қилмоқда. Италия ҳукумати икки томонлама муносабатни ривожлантиришни фаол қўллаб-қувватламоқда, ишбилармон доиралар ўртасидаги мулоқот ва алмашинувни осонлаштириш учун тадбирлар ташкил этмоқда.
– Жаноб Фарчи, яна қандай аниқ лойиҳалар амалга ошириш режалаштирилган?
– Италия – Ўзбекистон илғор муҳандислик маркази томонидан кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, тадқиқот ва инновация учун платформа яратиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Инновацион ривожланиш агентлиги ва Италиянинг “Sunmotive”компанияси ҳамкорлиги натижасида Ўзбекистондаги мавжуд транспорт воситаларини гибрид транспорт воситаларига экологик ўзгартириш бўйича қўшма лойиҳа ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳа иссиқхона гази чиқиндисини камайтириш ва ҳаво сифатини яхшилашни назарда тутади.
Агентлик ва Турин политехника университети ўртасида водороднинг тоза ва қайта тикланадиган энергия манбаи сифатида салоҳиятини оширишга йўналтирилган лойиҳа ҳам диққатга сазовор.
– Сизнингча, Ўзбекистон – Италия савдо ҳамкорлиги келажаги қандай?
– Фикримча, Ўзбекистон – Италия савдо ҳамкорлиги истиқболли ва жадал ўсиб бориш хусусиятига эга. Зеро, икки мамлакат ҳам иқтисодий алоқани кенгайтириш ва диверсификация қилиш, ўзаро манфаатли янги имкониятлар яратишдан манфаатдор. Ўзбекистонда фаолият юритаётган Италия капитали иштирокидаги корхоналар сони, италиялик инвесторлар ва тадбиркорларнинг Ўзбекистон бозори салоҳиятига ишончи ва қизиқиши ортиб бориши шундан далолат. Италия сармоясини жалб қиладиган тармоқлар сифатида тоғ-кон, металлургия, нефть-кимё, электротехника саноати, қурилиш материаллари, муҳандислик ва технологияларни санаб ўтиш мумкин. Ўзбекистон ва Италия ташкилотлари ўртасида қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш, транспорт воситаларини экологик конвертация қилиш, “яшил” водород ишлаб чиқариш ва шундай энергиядан фойдаланишни ўз ичига олган қўшма лойиҳа ва ташаббуслар амалга оширилиши Ўзбекистон ва Италия ўртасидаги истиқболли ҳамкорлик ривожини таъминлаши шубҳасиз.
Назокат Ражабова,
ЎзАнинг Италиядаги мухбири