Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида Ёшлар ишлари агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги “Ёшлар ойлиги”ни самарали ташкил этиш мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда “Ёшлар ойлиги” доирасида ўтказиладиган кўплаб йирик лойиҳалар, турли интеллектуал танловлар, семинар-тренинглар, бизнес марафонлар, спорт мусобақалари ҳамда гала-концертларни ўтказиш тўғрисида маълумотлар тақдим этилиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Хусусан, 30 июнь – “Ёшлар куни” муносабати билан “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида “Ёшлар ойлиги” ҳамда “Ёшлар куни”ни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида Ёшлар ишлари агентлигида Республика штаби фаолияти йўлга қўйилди.
Ойлик доирасида 3-10 июнь кунлари ҳарбий ватанпарварлик тадбирлари, жумладан, ҳарбий-ватанпарварлик фестивали, ҳарбий қисмларга ташриф, “Генерал ва ёшлар” учрашуви, Ҳарбий оркестр ва ансамбллар чиқиши, Амир Темур спартакиадаларини ташкил этиш белгиланди.
12-17 июнь кунлари интеллектуал ўйинлар, хусусан, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Брейн-ринг” мусобақаси, Чет тиллари марафони, “Мунозара” турнирлари, “Шахмат”, “Шашка” мусобақалари, “Кубик-рубик” мусобақалари ташкил этилади.
Шунингдек, 19-24 июнь кунлари спорт саломатлик мусобақалари ташкил этилиб, унинг доирасида югуриш марафони, мини-футбол мусобақаси, стол тенниси мусобақаси, волейбол, стрит воркаут мусобақалари ташкил этилади.
Ойнинг 26-30 июнь кунлари эса маданият санъат ва туризм тадбирлари амалга оширилиб, “Караоке”, рақс танловлари, ҚВЗ тадбири, театр ва кўчма кино намойишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, “Беш ташаббус олимпиадаси” танлов ва мусобақаларининг республика финал босқичларини белгиланган режа-жадвал асосида ўтказилади. “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остида барча ҳудудларда ёшлар сайллари ва маънавий-маърифий тадбирлар “маҳалла – туман (шаҳар) – ҳудуд – республика” даражасида ташкил этилиши белгиланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА