Профессионал бокснинг биринчи ярим енгил вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев учун чемпионлик камарларини қайтариб олиш имконияти юзага келмоқда.
«Matchroom» промоутер компанияси Аҳмадалиевнинг Марлон Тапалесга қарши реванш жангини ташкил этиб беришларини сўраб йўллаган мурожаатидан кейин WВА вазиятни ўрганиб чиқиб, якуний қарорини эълон қилди.
Унга кўра, Муроджон Аҳмадалиев навбатдаги жангини япониялик Томоки Камедага қарши ўтказади. Ушбу жанг элиминатор, яъни даъвогарлик мақомида бўлади. Жанг ғолиби Марлон Тапалеснинг камарлари учун мажбурий ва расмий даъвогарга айланади.
Ўз ўрнида Тапалеснинг жамоаси WBA ташкилотидан 25 июль куни WВC ва WВО камарлари учун бўлиб ўтадиган Наоя Иноуэ ҳамда Стивен Фултон жанги ғолибига қарши мутлақ жаҳон чемпионлиги учун жанг сўраган.
Чемпионлик йўлидаги курашлар теграсидаги ҳолатнинг бу зайлда давом этиши Муроджон Аҳмадалиев – Марлон Тапалес қарама-қаршилигидаги реванш жанги рўй беришини англатмоқда. Бунда Муроджон япониялик рақибини мағлуб қилиши талаб этилади.
WBA ташкилоти Аҳмадалиев – Камеда учрашуви қачон ва қаерда бўлиши борасида ҳозирча маълумот келтирмаган.
Т. Рўзиев, ЎзА