Хабар берганимиздек, Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида 20 ёшгача бўлган енгил атлетикачилар ўртасида ўтказилаётган ХХ Осиё чемпионатининг ортда қолган баҳсларида мамлакатимиз спортчилари муносиб натижаларни қайд этди.

Кеча бўлиб ўтган баҳслар сарҳисобига кўра, терма жамоамиз аъзоси Элина Силямиева босқон улоқтириш баҳсларида 60.53 метр натижани қайд этиб, шоҳсупанинг иккинчи поғонасидан жой эгаллади. Ушбу дастурда босқонни 64.92 метрга улоқтира олган хитойлик Гао Сзиняо олтин медални қўлга киритди. Жанубий Корея вакили Таихи Кимга 59.97 кўрсаткич ҳолатида 3-ўрин насиб этди.  Шунингдек, терма жамоамиз аъзоларидан Ўғилой Норбоева, Нурхон Очилова, Самандар Маҳмудов, Нодир Норбоев каби спортчилар гарчи совринли ўринлардан жой олмаган бўлса-да, қитъа рейтингида муносиб очколарни жамғаришга эришди.

Эътиборли жиҳати, узунликка сакраш дастурида қатнашган ҳамюртимиз Ўғилой Норбоева ҳозирги пайтда нафақат қитъада, балки жаҳон енгил атлетикасида ўз ўрнини тобора мустаҳкамлаб бораётган Хитой, Жанубий Корея, Япония каби давлатларнинг кучли спортчилари орасида 4-ўринни эгаллаши чемпионатнинг шов-шувли натижаларидан бири сифатида эътироф қилинди. Бу Ўзбекистонда енгил атлетикачиларнинг янги авлоди етишиб келаётганлигини кўрсатмоқда.

Бугун — 6 июнь куни чемпионатдан ўрин олган бир қатор дастурларда терма жамоамиз аъзолари совринли ўринлар учун кураш олиб боради.

Чемпионат мусобақалари 7 июнга қадар давом этади. Эслатиб ўтамиз, ушбу қитъа чемпионатида Ўзбекистон терма жамоасининг 12 нафар аъзоси иштирок этмоқда.

Т. Рўзиев, ЎзА