Инсон соғлиғи ва ҳаётига хавфли бўлган товарларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани сир эмас. Бу эса контрафакт ва сифатсиз товарларнинг муомаласига барҳам бериш, аҳоли саломатлигини кафолатлаш борасида кўрилаётган чоралар самарадорлигини янада оширишни тақозо этмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида биринчи ўқишда муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қонун лойиҳаси ана шундай контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларнинг муомаласига чек қўйишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир. Мазкур қонун лойиҳаси билан инсон ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ишлаб чиқарганлик ва муомалага киритганлик, сотганлик учун жазо чораларини янада кучайтириш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқарганлик тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши назарда тутилмоқда. Мажлисда қайд этилганидек, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектлари томонидан санитария нормалари ва гигиена қоидаларига риоя этилмаслик инсон соғлиғига таъсир кўрсатишга сабаб бўлиши мумкин. Мазкур қонун лойиҳасида санитария ва ветеринария қонунчилигини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жазо чораси оғирлаштириляпти. Бугунги кунда ҳаётимизда айрим товар брендларидан ноқонуний фойдаланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ва мўмай даромад топиш ҳолатлари ҳам учраб турибди. Ушбу қонун лойиҳасида бу каби ҳолатларга ҳам эътибор қаратилган. Яъни, тадбиркорнинг товар брендидан ноқонуний фойдаланган ҳолда маҳсулот ишлаб чиқариб, реализация қилганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилиб, тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишлар тартиби аниқ белгилаб берилмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар лойиҳа юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирди. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқлари ва ишлаб чиқарувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, контрафакт, истеъмолга яроқсиз маҳсулотларнинг муомаласига чек қўйиш, аҳоли саломатлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА