Юртимизда вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, боланинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлиқ ривожланиши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Зеро, давлат боланинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, камситилишига йўл қўймаслик, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишда бош ислоҳотчи ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 77-моддасида ҳам давлат ва жамият етим болаларни ҳамда ота-онасининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқишни, тарбиялашни, уларнинг таълим олишини, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топишини таъминлайди, шу мақсадда хайрия фаолиятини рағбатлантиради, деб белгилаб қўйилди. Демак, давлат бола ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳимоясини, ҳар томонлама ривожланишига шароит яратишни ўз зиммасига олар экан, бунинг учун барча зарур чораларни кўради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида муҳокама қилинган қонун лойиҳаси ҳам айни болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган.
«Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 77 ва 85-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан Жиноят кодексининг 77-моддаси янги қисм билан тўлдирилиб, ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун (ўта оғир жиноятлар бундан мустасно) шахс жазони ўтаб бўлганидан сўнг судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда.
Шунингдек, 85-моддада вояга етмаганга нисбатан тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам муддатини олти ойдан бир ойга тушириш назарда тутиляпти.
Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштириб, вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун жазони тўлиқ ўтаб бўлган шахсга ўз ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда янгидан бошлашига имкон беради.
Фракция аъзолари қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда фикр-мулоҳаза ва таклифларни билдирди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА