Бугун, 4 июнь куни Боку шаҳрида таэквондо WTF бўйича катталар ўртасида поёнига етиб бораётган жаҳон чемпионатининг сўнгги кунида эркаклар + 87 килограммда, аёллар 53 кило оғирликда дунёнинг энг кучли спортчилари бўлиш учун майдонга чиқади.

Етти кундан бери давом этаётган жаҳон чемпионатининг охирги кунги басҳларида +87 кило оғирликда Марат Мавлонов, 53 килограммда Ситора Эргашева юртимиз шарафини ҳимоя қилади.
Кеча ўтказилган беллашувлар сарҳисобига кўра, Феруза Содиқова Ўзбекистон терма жамоаси медаллар жамғармасига яна битта медални қўшиб қўйди. 62 кило оғирликда кураш олиб борган ҳамюртимиз шиддатли баҳслар мобайнида Болгария, Латвия, Венгрия каби давлатлар таэквондочиларини мағлуб этди. Финал остонасидаги мураккаб жангда терма жамоамиз аъзоси ўтган йилги жаҳон чемпионати финалчиси бразилиялик Керолайн Сантосга 1:2 ҳисобида имкониятни бой бериб, бронза медали билан кифояланди.

Айтиш лозимки, ҳамюртимиз совриндор бўлган спортчиларни тақдирлаш маросимида Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларга медалларни тақдим қилганлиги мусобақанинг ўзига хос воқелиги бўлди.
Олти кунлик беллашувлар сарҳисобига кўра, медаллар жамғариш борасида 3 тадан олтин медалга эга Жанубий Корея ва Туркия жамоалари етакчилик қилаётган бўлса, улардан кейинги поғоналарни 2 тадан олтин медалли Хорватия ва Франция жамоалари эгаллаб турибди.

Ўзбекистон терма жамоаси 1 та кумуш, 3 та бронза медали билан рўйхатнинг 10-қаторидан жой олган.
Эслатиб ўтамиз, якунланаётган жаҳон чемпионатида юздан зиёд давлатнинг минг нафарга яқин таэквондочиси медаллар учун ҳамда “Париж–2024” Олимпиадасининг рейтингидаги ўринларини мустаҳкамлаш мақсадида кураш олиб борди.

Т.РЎЗИЕВ, ЎзА