Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида дзюдо бўйича давом этаётган Гран-При турнирининг илк кунида 9 нафар дзюдочимиз медаллар учун кураш олиб борди.
Шиддатли баҳслар якунига кўра, 52 килограмм вазн тоифасида барча рақибларини мағлубиятга учратган терма жамоамиз аъзоси Шукуржон Аминова халқаро турнирнинг олтин медалига мушарраф бўлди.
Тожикистон пойтахтида Шукуржон Аминованинг ғалабаси шарафига Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янгради.
Мукофот жамғармаси 100 000 евродан иборат мусобақанинг 3 июнь кунги дастурида эркаклар 73, 81, аёллар 63 ва 70 кило оғирликда совринли ўринлар ҳамда «Париж-2024» Олимпиадасининг рейтинг очколари учун баҳсларга киришади.
Бугун Душанбе татамисида кечадиган беллашувларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Шаҳрам Аҳадов, Жавоҳир Сапаров, Ҳикматуллоҳ Тўраев, Мусо Собиров, Севинч Исоқова, Фарангиз Ҳожиева, Шоҳиста Назарова ва Нодира Йўлдошева иштирок этади.
Ортда қолган баҳслар сарҳисобига кўра, Тожикистон, Ўзбекистон, Словения терма жамоалари 1 тадан олтин медалга эга чиққан ҳолда, 40 та давлат орасида етакчилик қилмоқда.
«Париж-2024» Олимпиадасининг рейтинг очколарини тақдим этадиган Гран-При мусобақалари 4 июнга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА