Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб ўзгартирилди.

Фармонга кўра, янги ном олган вазирлик Бош прокуратура ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 сентябрга қадар долзарб бўлиб турган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаб, тасдиқ учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси, шунингдек,  2023 йил 1 июлдан бошлаб «Жамоатчилик экология назоратчиси» тизими жорий қилинади.

2023 йил 1 декабрга қадар туманларда (шаҳарларда) атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлашган кичик станциялар харид қилинади ва ўрнатилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудида ўрнатиладиган автоматлашган кичик станциялар маълумотлари атроф-табиий муҳит давлат мониторинги тизимининг ягона геоахборот маълумотлар базасига интеграция қилиш орқали визуаллаштирилиб, расмий веб-сайтларда реал вақт режимида мунтазам янгилаб бориш тизими йўлга қўйилади.

2025 йил якунига қадар республика ҳудуди бўйича атмосфера ҳавосининг табиий ифлосланиши юқори бўлган ҳудудларни прогнозлаш ва аҳолини барвақт огоҳлантириш тизими синов тариқасида жорий этилади.

2024 йил 1 январга қадар республиканинг миллий аҳамиятга эга табиат объектлари, шу жумладан ноёб ва такрорланмас экотизимлар, биохилма-хиллик турлари ва табиий ландшафтлар хатловдан ўтказилади ҳамда Миллий табиий мерос объектлари рўйхати эълон қилинади ва бу рўйхат доимий равишда янгилаб борилади.

2024 йил январдан Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN), ЮНЕСКО ва ФАО билан биргаликда халқаро репрезентатив рўйхатларга Ўзбекистон табиий мерос объектлари номинацияларини тақдим этиб боради.

Фармонга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб уй шароитида ёки касаначилик асосида дарахт ва бута кўчатларини (ниҳол) етиштириш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) ҳисобланади.

2023 йил 1 июлдан бошлаб чиқинди полигонларини хусусийлаштириш тақиқланади. Чиқинди полигонлари ҳудудларини чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи ташкилотларга ижарага бериш, уларни тозалаш ҳамда бўшатилган ер участкаларини реализация қилиш вазирлик томонидан амалга оширилади.

2023 йил 1 декабрдан бошлаб Нукус шаҳри, вилоятларнинг маъмурий марказлари ва вилоят бўйсунувида бўлган шаҳарлар ҳудудларидаги автомобилларга ёқилги қуйиш шохобчалари, сиғими 100 автомобилдан ортиқ бўлган автотураргоҳлар ҳамда бозорлар ҳудудида,  «Ўзбекистон туризм магистрали» туризм транспорт коридори автомагистраль йўлларида жойлашган автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, савдо ва кўнгилочар марказлари ҳудудида камида 2 каналли 60 кВт ва ундан юқори қувватли электромобилларни қувватлантириш станцияларини барпо этишнинг мажбурий тартиби ўрнатилади.

Фармон доирасида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) ташкил этилади.

Шунингдек, фармонда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши соҳасида нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини ҳам қўллаб-қувватлаш назарда тутилган. Вазирлик нодавлат нотижорат ташкилотларнинг лойиҳаларини амалга ошириш учун ижтимоий буюртмалар бериб боради. Бунинг учун Экология жамғармасидан маблағлар ажратади ҳамда ўз расмий веб-сайтига бу ҳақда эълон жойлаштириб боради.

2023 йил 1 июлгача Республикада ташкил этиладиган экологик акциялар махсус платформаси ишга туширилади.

ЎзА