Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланиши учун яратилган шароитлар, шунингдек, бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлаш ҳолатини назорат-таҳлил тартибида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти мисолида ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда депутатлар, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти мутасаддилари иштирок этди.

– Маълумки, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқатлантириш йўлга қўйилди, – деди қўмита раиси Эркин Зоҳидов. – Бу борада кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 25 августдаги тегишли қарори билан тасдиқланган Низомда кейтеринг ташкилоти тайёр таомларни қадоқланган, бир марта ишлатиладиган қутиларда совутгич мосламаси ўрнатилган махсус автотранспорт воситаларида мактабларга етказиши белгиланган бўлиб, тендер шартларига киритилган. Жорий ўқув йилида юқоридаги қарорга мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасаларида кейтеринг усулида соғлом овқатлантириш тизимини ташкил этиш ишларини назорат қилувчи ишчи гуруҳ таркиби ва умумий харид комиссияси таркиби тасдиқланган.

Йиғилишда қайд этилганидек, Қорақалпоғистон Республикасида жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини доимий назорат қилиш бўйича масъул ходимлар бириктирилди. Айни чоғда 716 та умумтаълим мактаби ҳудудлар кесимида 64 та лотларга жойлаштирилган. Бугунги кунда 716 та умумий ўрта таълим мактабидан 510 тасида жами 101 минг 568 нафар ўқувчиларни бепул озиқ-овқат билан таъминланиши йўлга қўйилган. 2022 йил февраль-май ойларида 139 минг 374 нафар бошланғич синф ўқувчилари бепул тайёр озиқ-овқат билан кейтеринг усулида таъминланган. Кейтеринг ташкилоти томонидан масофавий усулда умумий овқатланиш хизматларини кўрсатиш орқали шаҳар марказларига бир кунлик ва олис ҳудудларда жойлашган мактаб ҳамда филиалларига беш кунлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилади. Бошланғич синф ўқувчиларига шароити яхши мактаблар ошхоналарида ва ошхонаси мавжуд бўлмаган умумий ўрта таълим муассасалари синф хоналарининг ўзида, санитария қоидаларига амал қилган ҳолда ўқувчиларни овқатлантириш ташкил этилди. Йиғилишда ҳар иккала ҳудудда биринчи йил ташкил этилган ушбу амалиёт бўйича камчиликларга эътибор қаратилди.

Тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини етказишда сифат ва санитария-гигиена талабларига амал қилиш зарурлиги қайд этилди. Қорақалпоғистон Республикаси вакилининг айтишича, чекка ва олис ҳудудларга озиқ-овқат маҳсулотларини етказишда қийинчиликлар бўлган. Шунингдек, тадбиркорларга махсус автотранспорт воситалари бўйича қўйиладиган талаблар ижросига ҳам эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Муҳокамалардан сўнг кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА