Янги қарор

Ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, саноати ривожланган давлатларда ижтимоий соҳалар, тақсимот ва маиший хизмат кўрсатиш йўналишларида банд бўлганлар сони ортиб борди.

Асримиз бошларида эса ишлаб чиқарувчилар учун таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси билан боғлиқ хизматлар тез суръатларда ўсди. Хизмат кўрсатиш соҳаси бугунга келиб замонавий технологияларга чамбарчас боғланиб қолди. Шу нуқтаи назардан тилимизга “Рақамли хизматлар” жумласи ўрнашди.

Яқинда – 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли хизматлар қамрови ва сифатини ошириш ҳамда соҳа, тармоқ ва ҳудудларни рақамли трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Ҳужжат аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига рақамли хизматлардан фойдаланиш учун қулай шароитлар яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бюрократик тартиботларни қисқартириш, шунингдек, давлат бошқаруви, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларини ҳамда ҳудудларни рақамли трансформация қилишда муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу қарорнинг моҳияти, ундан кўзланган мақсад ҳақида Рақамли технологиялар вазирлиги Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Аюбхон СУЛТОНОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Қарорда “Рақамли ҳукумат” ва “Рақамли ҳудуд” дастурлари доирасида 2023-2024 йилларда амалга ошириладиган устувор лойиҳалар белгиланди.

Эслатиб ўтиш лозим, 2020 йилдан бошлаб электрон ҳукуматни янги босқичга олиб чиқиш бўйича бир қатор дастурлар қабул қилинди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2022 йил 22 августдаги “2022-2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Бу бўйича тегишли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, электрон давлат хизматларини кўрсатиш тизими янги босқичга кўтарилди. Бугунги кунда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали аҳоли ва тадбиркорларга 420 турдаги электрон давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилди.

Ягона интерактив давлат хизматлари порталидан фойдаланувчилар сони 6 миллион 300 минг нафарга етди. 2023 йил якунига қадар бу рақамни 10 миллион нафарга етказиш режалаштирилган.

Ягона порталдан фойдаланиш қамровини янада ошириш мақсадида 2022 йил 1 октябрдан тижорат банклари, тўлов тизимлари ва мобиль алоқа операторлари иловалари орқали ҳам Ягона порталнинг электрон хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилди.

Шунингдек, электрон ҳукумат фойдаланувчилари Ягона идентификация тизими – One-ID жорий қилиниши ҳукуматнинг барча ахборот тизимларидан фойдаланиш имкониятини яратиб берди.

Бундан ташқари, “қоғозсиз ишлаш” амалиёти кенгайтирилмоқда. Давлат органларида иш юритиш ва ижро интизомини рақамли технологиялар орқали назорат қилиш, ягона электрон ҳужжат айланиш тизимини жорий этиш мақсадида Ягона идоралараро электрон ҳужжат айланиш тизими негизида ишлаб чиқилган янги тизимига республика ижро этувчи ҳокимияти органлари тўлиқ ўтиши режалаштирилмоқда.

Президентнинг мазкур соҳага доир янги қарори рақамлаштириш жараёнларини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз. Аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун давлат хизматларидан фойдаланишга қулайликлар яратиш ҳамда вазирлик ва идоралардаги иш жараёнларини рақамлаштиришда муҳим аҳамиятга эга.

Янги қарор билан 300 дан ортиқ давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда республикамиз ҳудудларида рақамлаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилиши белгиланган. Академик лицейлар жараёнларини рақамлаштириш, “Рақамли поликлиника” комплекс тизими, “Йўл варақа” тизими, “ERP Sport” тизими, “Концерт-томоша иштирокчилари” тизими каби турли соҳаларга тегишли лойиҳалар шулар сирасига киради.

Шунингдек, қарор билан “Рақамли фуқаро” дастури қабул қилинди. У аҳоли учун янада кўпроқ қулайликлар яратишга хизмат қилиши кутилаётгани билан аҳамиятли.

Ягона интерактив давлат хизматлари портали рақамли хизматлар учун ягона фойдаланиш нуқтаси ҳисобланади. Дастур доирасида 26 та ахборот тизими орқали кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари порталига бирлаштирилади.

Ягона порталда кўрсатилаётган хизматлар сони 570 тага етказилади. Жумладан, туғилган болани тиббиёт муассасасига рўйхатга қўйиш, ёшга доир пенсияни расмийлаштириш, автомобиль транспортини рўйхатга қўйиш ва қайта рўйхатга қўйиш каби хизматлар шулар сирасига киради.

Жорий йилнинг 1 декабридан бошлаб 47 турдаги маълумотлар давлат идоралари томонидан электрон тарзда олиниб, аҳоли ва тадбиркорлардан талаб этилмаслиги белгиланмоқда.

Шу йилнинг 1 декабригача фуқаролар рақамли хизматлардан мустақил фойдаланишлари учун давлат хизматлари марказларида биринчи босқичда 14 та “Рақамли хизмат нуқта”лари ташкил этилади. Шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва унинг мобиль иловасининг янги талқини ишга туширилади.

Дарҳақиқат, рақамли хизматларнинг асосий қулайликларидан бири мамлакатнинг энг чекка ҳудудларигача аҳолининг хизмат имкониятидан фойдалана олишидир. Бу ҳам ўз ўрнида такомиллаштиришни талаб этади. Юртимизда айни шу мақсадда амалга оширилаётган ишлар жадаллашмоқда десак, муболаға бўлмайди.

ЎзА мухбири

Абдулазиз РУСТАМОВ ёзиб олди.