Тошкент шаҳрида Олий Мажлис Сенатининг қирқ биринчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Икки кун давом этган мажлис давомида ўнта масала кўриб чиқилди. Шундан еттитаси қонунлар бўлиб, уларнинг барчаси маъқулланди. Сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлис видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилди. Ижтимоий тармоқларда онлайн ёритиб ҳам борилди.

Сенат раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда маъқулланган қонунлар ичида “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун юртдошларимизнинг эътиборини тортди. Чунки мазкур қонун билан коррупцияга қарши кураш йўналишидаги қонунчиликда манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўшлиқлар ёпилмоқда.  “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун билан озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари мувофиқлиги бўйича содир этиладиган  қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган меъёрлар кучайтирилмоқда. Бу фуқаролар ҳаёти ҳамда соғлиғини муҳофаза этишга хизмат қилади. Албатта, бошқа қонунлар ҳам ижтимоий ҳаётимизда муҳим ўрин тутадиган, тадбиркорлик, ҳудудлар ривожига ижобий таъсир кўрсатадиган меъёрларни қамраб олмоқда. Халқимизнинг севимли спорт ўйинларидан бири бўлган футболни ривожлантиришга зарур ҳуқуқий асос яратилмоқда.

Марказий банкнинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш асносида Сенат раиси Т.Норбоева аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига инфляция даражасининг салбий таъсирини юмшатиш чораларини кўриб бориш зарурлигини қайд этди. Бу эса халқимизнинг дилидаги гаплардан бири. Мажлис давомида Олий суд ҳамда Судьялар олий кенгаши таркибига бир қатор ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди.Шу билан Сенат ялпи мажлиси якунига етди.

Н.Абдураимова, ЎзА