Нукусда “Ишсиз аёлларни тадбиркорлик кўникмаларига, молиявий саводхонликка ўргатиш, янги иш ўринлари яратиш орқали одам савдосининг олдини олиш” мавзусидаги уч кунлик семинар-тренинг ўз ишини бошлади.
Унинг очилиш маросимида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистондаги миссиясининг директори Микаэла Мередит, “Тадбиркор аёл” Халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси раиси ўринбосари Бурҳон Шерматов иштирокчиларни қутлаб, тадбирнинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритди. Хавфсиз миграция ва тадбиркорлик, шунингдек, мигрантлар ва одам савдоси жабрланувчиларига тўғридан-тўғри ёрдам кўрсатиш бўйича тренинглар Winrock International томонидан амалга оширилаётган USAIDнинг Марказий Осиёда хавфсиз миграция дастурининг бир қисмидир. Дастур одам савдосининг олдини олиш, жабрланувчиларни ҳимоя қилиш ва хавфсиз миграцияни ривожлантиришга қаратилган. USAID ҳозирда Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида тадбиркорлик курсларини ўтказмоқда. Тренинглар натижасида USAID жами 520 миллион сўм (45 минг АҚШ доллари) бўлган асбоб-ускуналар учун маблағ олиш мақсадида 16 бизнес таклифни танлаб олади.
– Мен ўн беш йилдан зиёд вақт давомида Россияда ишлаб қайтдим, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири Дилфуза Турсинбоева. – Беш йилдан буён ишсиз ўтирар эдим. Мамлакатимизда хотин-қизларга берилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда турли пишириқлар тайёрлаб танишларим ва қўшниларимга сотишни йўлга қўйдим. Фаолиятимни кенгайтириш мақсадида мазкур семинар-тренингда иштирок этяпман. Унда тадбиркорлик асослари, хавфсиз миграция ва одам савдосига қарши курашиш бўйича анча маълумотларга эга бўлдим. Тадбир иштирокчиларига мутахассислар томонидан тадбиркорликни ҳуқуқий асослари, тадбиркорлик фаолияти субъектлари ва турлари, тадбиркорлик субъектларини фаолиятини ташкил этиш тартиби, давлат рўйхатидан ўтказиш, банк билан ишлаш, бизнесда мақсад танлаш, ҳаракатга ундовчи омиллар хамда тадбиркор психологияси каби масалалар юзасидан тушунчалар берилди. Семинар-тренинг давом этмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири.