Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлиси давом этмоқда.

Мажлисни кириш сўзи билан очган Сенат раиси Танзила Норбоева янги таҳрирдаги Конституциядаги янги кафолатлар мазмунини жамоатчиликка етказиш, қонунчиликни Асосий қонунга мувофиқлаштириш ишларини ташкил қилиш масаласига тўхталиб ўтди.

– Маҳаллий вакиллик органларига ўз фаолиятини амалга оширишда кўмаклашиш ҳамда Президентимиз фармони билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш йўналишлари бўйича бир қатор вазифалар белгиланди, – деди Сенат раиси. – Сенаторлардан ҳар бир вазифанинг бажарилишига масъулият билан ёндашиш талаб этилади. Ҳудудлардаги масалаларга жиддий эътибор қаратишни сўрайман.

Ҳамюртларимиз томонидан кўтарилаётган масалаларни кўриб чиқиш, уларни жойида ҳал қилиш, тизимли муаммоларни республика даражасига олиб чиқиш ва уларнинг ечимида фаол бўлиш, бир сўз билан айтганда, аҳолини рози қилиш, унинг оғирини енгил  қилиш зарур. Чунки ҳудудий вакиллик органи сифатида жойлардаги барча долзарб масалалардан доимо хабардор бўлиб туриш, уларнинг ҳал этилиши устида ишлаш бирламчи вазифамиз бўлиши керак. Халқ вакиллари жамиятдаги барча ижтимоий-иқтисодий жараёнларда фаол иштирок этишга масъул ва мажбурдир.

 

Н.Абдураимова, ЎзА