Озарбайжон пойтахти Бокуда таэквондо WТ бўйича давом этаётган жаҳон чемпионатининг ортда қолган тўртинчи кун натижаларига кўра, ҳамюртларимиз 1 та кумуш медалга эга чиқди. Туркиялик спортчилар умумий медаллар жамғармасини 2 та олтин билан тўлдирди.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан аёллар ўртасида +73 килограмм оғирликда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Светлана Осипова финалгача 4 марта даянга чиқди. Аввалига италиялик Алекссандра Илични 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, кейинги босқичларда америкалик, марокашлик рақибларини доғда қолдирди.

Ярим финалда Буюк Британия терма жамоаси аъзоси Бянка Кук тўсиғидан муваффақиятли ўтган амалдаги жаҳон чемпиони Светлана Осипова финалда туркиялик Нафиа Кус билан рўбарў келди. Биринчи раунддаги тенг кураш ва кейинги бўлимда туркиялик спортчининг очколар ҳисобидаги кичик устунлиги ҳамюртимизни кумуш медаль билан кифояланишига олиб келди.

Жаҳон чемпионатининг бешинчи куни остонасида медаллар жамғариш борасида Туркия терма жамоаси 3 та олтин, 1 та бронза медали билан етакчиликка эришди. Кейинги ўринларда бораётган Жанубий Корея ва Франция терма жамоалари 2 тадан олтин медалга эга. Ўзбекистон терма жамоаси 1 тадан кумуш ва бронза медаллари ҳисобига юздан зиёд давлатлар орасида умум жамоада 10-ўринни эгаллаб турибди.

Бугун, 2 июнь куни жаҳон чемпионатининг бешинчи кунида эркаклар 54 килода, аёллар 46 килограммда баҳсларни ўтказади. Ушбу вазн тоифаларида юртимиз шарафини терма жамоамиз аъзоларидан Омонжон Отажонов ва Зуҳра Тожиматов ҳимоя қилади.

Айтиш лозим, истеъдодли спортчимиз Светлана Осипова ўтган йилги чемпионлик анъанасини такрорлай олмаган бўлсада, дунё биринчилигида илк бор икки марта совриндор бўлган таэквондочи номига мушарраф бўлди.

4 июнга қадар давом этадиган жаҳон чемпионатида юздан зиёд давлатнинг мингга яқин таэквондочиси қатнашмоқда.

 

Т. Рўзиев, ЎзА