Ўзбекистон Марказий банки ўз фаолиятини мамлакатда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадларига йўналтирмоқда.

2022 йил март ойида Марказий банкнинг асосий ставкаси йиллик 17 фоизгача кўтарилган бўлса, II чоракдан бошлаб макроиқтисодий шароитларнинг барқарорлашуви ва айрим инфляцион хатарларнинг пасайиши ҳисобига асосий ставка 15 фоизгача туширилди.

Бу Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида сенаторлар муҳокамасига ҳавола этилган Марказий банкнинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида  қайд этилди.

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов ҳисобот йилида иқтисодиётни молиялаштиришда хусусий инвестицияларни рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва юқори қўшилган қийматли янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш ишлари давом эттирилганини таъкидлади.

Хусусан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 203 трлн. сўм ёки 2021 йилга нисбатан 22 фоиз кўп кредитлар ажратилган.

Аҳолига ажратилган кредитлар 2021 йилга нисбатан 1,6 баробарга ўсиб, 65,3 трлн. сўмни ташкил қилди. Ушбу ажратилган кредит маблағларининг 25,6 фоизини микроқарз, 22 фоизини ипотека кредити, 33 фоизини истеъмол кредити, 14 фоизини микрокредитлар ташкил этган.

2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 424 мингдан ортиқ лойиҳаларга жами 9,9 трлн. сўмдан ортиқ имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

2022 йилда банкларнинг капиталлашув даражаси 12 фоизга ошиб, йил якунлари бўйича қарийб 80 трлн. сўмга, устав капитали миқдори 9 фоизга ўсди.

Шу билан бирга 2022 йилда банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси доирасида давлат иштирокидаги банкларни трансформация қилишга қаратилган ишлар давом эттирилиб, “Ипотекабанк” ва “Ўзагроэкспортбанк”даги давлат улушини хорижий инвесторларга сотиш бўйича жараёнлар якунланди.

Натижада давлат улуши мавжуд банк активларининг банк сектори активлари умумий ҳажмидаги улуши 2021 йилдаги 81,5 фоиздан 2022 йилда 78,2 фоизгача пасайган.

Аҳолига республика ва хорижий тўлов тизимлари инфратузилмасида бир карта орқали ҳисоб-китобларни амалга ошириш имкониятини берувчи кобейджинг банк карталари сони 2021 йилга нисбатан 2,7 баробарга ошган.

Сенаторлар Марказий банк томонидан амалга оширилиши лозим бўлган айрим масалаларга эътибор қаратди.

Сенат раиси Танзила Норбоева жаҳонда кузатилаётган мураккаб иқтисодий жараёнлар таъсирида, яъни валюта курсининг ўзгариши, ёқилғи нархларининг ошиши ва бошқа омилларни инобатга олиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига инфляция даражасининг салбий таъсирини юмшатиш чораларини кўриб бориш талаб этилади, дея таъкидлади.

Яъни, аҳоли даромади ва харид қобилияти пасайиб кетишининг олдини олиш, тадбиркорлик субъектларига қулай бизнес шароитини яратишга кўмаклашиш керак.

Шундан келиб чиқиб, инфляция даражасини пасайтириш чораларини кўриб бориш, ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш зарур.

Тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш, инсон омилини камайтириш, кредит олиш жараёнини соддалаштириш мақсадида аризаларни онлайн электрон дастур орқали қабул қилиш тизимини жорий қилиш керак.

Бунда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформасини такомиллаштириш, унда коррупция ва сансалорлик хавфларини оширадиган инсон омили иштирокини камайтириш чораларини кўриш зарур.

Жумладан, банкларда рақамлаштириш билан боғлиқ белгиланган қатор вазифалар ижроси қолиб кетаётгани, тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш жараёнида шаффофликнинг тўлиқ таъминланмаганлиги, инсон омилининг юқорилиги кредит олиш жараёнини қийинлаштириб, бюрократик тўсиқларнинг юзага келишига омил бўлаётгани қайд этилди.

Марказий банкнинг 2023 йилги фаолиятида нархлар барқарорлигини таъминлаш, пул-кредит сиёсати инструментларини ҳамда аҳолининг банклардаги омонатларини ҳимоялаш тизимини такомиллаштириш, инфляцияга номонетар омиллар таъсирини пасайтириш ва асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.

Марказий банк фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклифлари акс этган тегишли қарор қабул қилинди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА