Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт марказида халқаро миқёсда симпозиум бўлиб ўтди. Унда АҚШ, Буюк Британия, Швейцария ва Ўзбекистоннинг профессор олимлари ўзларининг илмий маърузалари билан иштирок этди.

ССВ матбуот хизмати хабарига кўра, симпозиумда британиялик профессор Гордон Плант неврология ва нейроoфталмология йўналишларида қандай фундаментал текширувлар мавжудлиги ва соҳадаги сўнгги янгиликлар тўғрисидаги маърузаси билан қатнашди. Яна бир британиялик профессор Линдон Да Круз регенератив тиббиёт хусусида маъруза ўқиди.

Кўз тўр пардасини кўчириб ўтказиш амалиёти ҳақидаги нутқида олим  ўзининг 20 йиллик тажрибаси ҳақида ҳам сўз юритди. Мазкур тажриба юзасидан қандай текширув ва тадқиқотлар ўтказилгани борасида маълумот берди.  – Илгари бу борада гап кетганда “умуман иложи йўқ” дер эдик. Кўп йиллик илмий изланишлар натижасида бунинг имкони борлиги исботланди, — дейди марказ директори Азамат Юсупов. – Эндиликда ушбу лабораторияларнинг қандай ташкил этилгани, уларни Ўзбекистонда ҳам жорий этиш бўйича ўрганиш олиб боришни режа қилдик. Агар бу амалиёт мамлакатимизда ҳам қўллана бошласа, тўр парда билан боғлиқ касалликлар туфайли кўриш қобилиятидан маҳрум бўлган беморлар дунёни яна ўз кўзлари билан қайта кўра олади.

Шунингдек, симпозиумда офтальмология соҳасида телетиббиёт, сунъий интеллект ва робот-офтальмологиянинг кўз касалликларини даволашдаги ютуқлари ҳақида ҳам муҳим маърузалар тингланди.

 

М.Қосимова, ЎзА