Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан жорий йилнинг 29 май-4 июнь кунлари Ал-Хоразмий номидаги ёш математиклар халқаро олимпиадаси ўтказилмоқда. Унда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан жами 30 га яқин ўқувчи қатнашмоқда.

Юртимиз шарафини олимпиаданинг ҳудудий босқичи ғолиблари, ҳар бир ҳудуддан 3 нафардан 7-8 синф ўқувчилари ҳимоя қилади.

30 май куни Халқаро олимпиаданинг очилиш маросими доирасида турли кўнгилочар дастурлар, кичик жамоавий спорт ўйинлари бўлиб ўтди. Бугун, 31 май куни халқаро олимпиаданинг 1-тур синовлари ўтказилади. Жараёнлар жонли тарзда монитор орқали бериб борилади.

– Бу олимпиада илк маротаба ўтказилмоқда, – дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Умид Раҳмонов. –Олимпиаданинг биринчи тури ёзма, иккинчи турида эса тест синовлари бўлиб ўтади. Мақсадимиз иқтидорли ёшларни имкон қадар қуйи синфлардан халқаро олимпиадалар методологиясига ўргатиш ҳамда қўшни мамлакатлар ўқувчилари билан бўлиб ўтадиган синовларга руҳан тайёрлашдан иборат.

Андижон вилоятидаги Избоскан ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси Муҳаммадризо Бўрибоев ҳам ушбу олимпиадага жамоадошлари билан жиддий тайёргарлик кўрган.

– Тайёргарлик жараёнида анчагина мураккаб тестларни ечдик ва математикага оид бир нечта китобларни ўқидик, – дейди М. Бўрибоев. –Илгари вилоят олимпиадасида қатнашиб, биринчи ўринни олганман. Халқаро олимпиадада эса илк маротаба қатнашяпман. Ғолиб бўлишни ният қилиб турибмиз.

1 июнь куни халқаро олимпиаданинг 2-тур синовлари бўлиб ўтади. Шу куни олимпиада қатнашчилари учун Давлат музейларига саёҳат уюштирилади. Халқаро олимпиаданинг тантанали ёпилиш маросими 2 июнь куни ўтказилади. Ғолиблар тантанали равишда тақдирланади.


Н.Раҳмонова, ЎзА