31 май — Халқаро чекишга қарши кураш куни
Қиличбек навқирон 42 ёшида коронавирус балосига дучор бўлиб, ётиб қолди. Пандемия авж олган паллада унинг ҳам аҳволи кундан-кунга оғирлашиб борарди: иштаҳаси йўқ, тана ҳарорати юқорилаб, тушиши қийин, нафаси сиқиб қолар, олаётган муолажалари кор қилмас эди…
Шифокорлар беморнинг яқинларига барча зарур чоралар кўрилаётгани, аммо ўпкаси тобора ёмонлашиб бораётгани, кўп йиллар давомидаги кашандалик ўз асоратини кўрсатаётгани, шунинг учун буёғига фақат Яратганнинг мўъжизасидан умид қилиш мумкинлигини тушунтирди. Аммо кўп вақт ўтмай, Қиличбекнинг ўпкаси бутунлай ишдан чиқди. Умри қисқа экан, 2 нафар фарзанди отасиз етим бўлиб қолди. Аёли, ота-онаси ва яқинлари унинг куюгида бўзлаб қолишди, “бу балодан кўпчилик соғайиб чиқяптику, наҳот қирчиллама ёшида бу дардга дош беролмади-я”, дея дарду ҳасрат қилишди… Афсус…
Ҳа, 2020 йилда бутун дунё аҳолисининг бошига келган «тождор» вирус балосидан кўпларнинг ёстиғи қуриди, миллионлаб инсонлар эса соғайиб, оиласи бағрига қайтди. Вафот этганларнинг аксарияти сурункали хасталиги бор, ичкилик ва кашандаликни одат қилган инсонлар экани тиббиёт ходимлари томонидан кўп бор такрорланди. Шунинг учун соғлом турмуш тарзига амал қилиш, ёмон одатларга ошно бўлмаслик уқтирилди.
Дарҳақиқат, кашандалик, тамаки маҳсулотлари инсон саломатлигига жиддий зарар етказиши барчамизга маълум. Чекиш инсоннинг ўзи ва атрофдагилари соғлиғига ҳам жуда катта зиён етказади. Аммо чекишни одат қилган инсон буни тушунса-да, ўзини идора қилишни истамайди, сигаретга муккасидан кетади. Сигарет чекишга тобе бўлган инсон усиз ҳаётини тасаввур қила олмай қолади. Бора-бора чекишга бўлган эҳтиёж овқатланишга бўлган эҳтиёж билан тенглашиб қолар экан.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, чекиш таъсири остида 25 дан ортиқ касаллик (юрак-қон томир, ўпка ва саратон)ларнинг организмда ривожланиши кучаяди. Кўпгина олимларнинг изланишлари хулосаларида ўпка саратони ва миокард инфарктининг чекиш билан боғлиқлиги ҳақида жиддий илмий далиллар келтирилган. Юрак-ишемик касаллиги ва инсультдан ўлим ҳолатларининг 70 фоизи чекувчи ва спиртли ичимликлар ичувчи одамлар ҳиссасига тўғри келади. Статистик маълумотлар ҳар бир чекувчи одам ўз ҳаётини 18 йилга қисқартиришини кўрсатади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2022 йилда эълон қилган маълумотларига кўра, тамаки маҳсулотининг инсон организмига зарарли таъсиридан ҳар йили сайёрамизнинг 6 миллионга яқин аҳолиси вафот этади. Уларнинг 12 фоизи чекувчи бўлмаганлар(пассив чекувчилар)дир. Ачинарлиси, болалар пассив чекувчилар бўлиб қолмоқда. Яъни, улар атрофидаги одамларнинг чекиши оқибатида тамаки тутуни аралаш ҳаво билан нафас олишади. Бу эса табиийки, уларнинг саломатлигига ҳам катта зарар бўлади. Бу илмий тадқиқотларда ҳам исботланган. Яъни, пассив чекиш ҳам одамда касалликка чалиниш, ногиронликка йўлиқиш ва ўлим хавфини ошириши исботланган.
Тамаки тутуни касалликка қарши иммунитетнинг бирламчи курашувчан жавобига сабаб бўлувчи интерферонларни блоклайди. Бундан ташқари, зарарли одат туфайли ўпкаси зарарланган чекувчиларда коронавирус келтириб чиқарган пневмания қийинроқ кечади. Демак, коронавирус инфекцияси хавфи сезиларли даражада чекинган бўлса-да, чекувчилар бу зарарли одатдан воз кечишга жиддий киришиши лозим.
Психологлар фикрига кўра, чекишни ташлаш жараёнида энг қийини дастлабки уч кунни бошдан кечиришдир. Ушбу муддатда инсон ўзини идора қила олса, чекишга тобеликни енга олса, иродали бўлса, бу одатдан қутулиб кета олади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 1988 йилда 31 майни Халқаро чекишга қарши кураш куни деб эълон қилган. Халқаро чекишга қарши кураш кунининг глобал мақсади ҳозирги ва келгуси авлодни тамакининг нафақат соғлиқ учун салбий жиҳатларидан, балки ижтимоий, экологик ва иқтисодий талафотларнинг вайронкор оқибатларидан ҳимоя қилишга қаратилган.
Мамлакатимизда ҳам соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолини зарарли одатлардан ҳимоя қилиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинади.
Бу борада яқинда Президентимиз томонидан имзоланган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклашга оид муносабатлар белгилаб қўйилди. Жумладан, мазкур ҳужжатда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг сотуви, ишлаб чиқарилиши, тарқатилиши, истеъмол қилиниши билан боғлиқ бир қатор чекловлар, тартиб-қоидалар белгиланди.
Аммо давлат ва жамият томонидан кашандалик иллатига қарши қанча чоралар кўрилса-да, аввало, чекувчи инсонларнинг ўзи ўз соғлиғи, яқинлари хотиржамлиги учун ҳаракат қилиши, бу зарарли одатлардан воз кечиши лозим. Зеро, соғлом инсонлар соғлом жамиятни, соғлом келажакни барпо этади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА