Хабар берганимиздек, Боку шаҳрида таэквондо WТ бўйича давом этаётган жаҳон чемпионатининг илк кунида эркаклар ўртасида 68 килограмм, аёллар ўртасида эса 57 кило оғирликда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Ушбу вазн тоифаларида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Улуғбек Рашитов шиддатли баҳслар якунида жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлган бўлса, Мадина Мирабзалова саралаш мусобақаларида Эрон, Марокаш, Италия терма жамоаси аъзоларини мағлуб этиб, чорак финалда бразилиялик Мариа Пачекога йўл берди.

Бугун, 30 май куни чемпионатнинг иккинчи кунида мамлакатимиз спортчиларидан Амирхон Тўраев 58 килода, Озода Собиржонова 67 килода ҳамда Саодатбегим Алиева 73 кило оғирликда медаллар учун курашга киришади.

Амирхон Тўраев илк босқичда молдовалик Сергей Усков билан, Озода Собиржонова эронлик Зейнаб Исмоили ва Саодатбегим Алиева германиялик Янна Шнайдерга қарши даянга чиқади.

Эслатиб ўтамиз, 4 июлга қадар давом этадиган 26-жаҳон чемпионатида юртимизнинг 8 нафар эркак ва 8 нафар аёл таэквондочилари қатнашмоқда.

 

Т. Рўзиев, ЎзА