Қонунга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қуйидаги ҳолатларда реализация қилиш тақиқланади:
Таркибида никотин мавжуд бўлган маҳсулотлар, қиздириладиган тамаки маҳсулоти, электрон сигареталар, вейплар, никотин суюқликлари, чилим учун мўлжалланган қоришмалар тамаки маҳсулотларига тенглаштирилади ва уларга нисбатан ушбу турдаги маҳсулотларни чеклашга қаратилган ҳамма чоралар амал қилади.
Ўзбекистон ҳудудига чекилмайдиган тамаки маҳсулотлари, жумладан, никотинли снюс, чайналадиган тамаки ҳамда никотинли ширинликларни олиб кириш ва сотиш тақиқланади.
Таркибида жозибадорликни оширишга қаратилган моддалар бўлган электрон сигареталар, улар учун никотин ва никотинсиз суюқликларни олиб кириш ва сотиш тақиқланади;
Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларида тамаки маҳсулотларини кўрсатиш ва очиқ намойиш қилиш тақиқланади. Ушбу тартиб 45 дан ортиқ мамлакатларда амалга оширилган. Унга мувофиқ, савдо майдончасида сотиладиган тамаки маҳсулотларининг фақат қоғозга босилган рўйхати жойлаштирилади. Маҳсулотларнинг ўзи харидорга кўринмайдиган жойда сақланади.
Сигарет қадоқларига қўлланиладиган расм кўринишидаги тиббий огоҳлантириш ҳажми 40 фоиздан 65 фоизга оширилмоқда.
Савдо автоматлари орқали, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жавонларидан, электрон тижорат кўринишида, масофавий савдо орқали, шунингдек, кўчма савдо орқали, болалар товарлари сотиладиган биноларда, ўйинчоқлар, ширинликлар ва бошқа болалар маҳсулотларига тақлид қилинганда, 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва ушбу ёшдаги шахслар томонидан сотиш тақиқланади.
Ҳужжат 25 май куни эълон қилинган. Унда ёзилишича, қонун талаблари ҳужжат эълон қилинганидан уч ой ўтиб кучга киради.
ЎзАнинг шу каби қисқа видеоларини ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кузатиб боринг.
Фаррух Худоёров, Искандар Исматов (видео), ЎзА