“Tashkent city»даги «Congress Hall» мажмуасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўн биринчи съезди бўлиб ўтмоқда.

ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан маъруза қилмоқда.

Қайд этилганидек, хусусий таълимга қўшимча енгилликлар берилади.

Давлат-хусусий шериклик асосида мактаблар қуриш кенг жорий этилади.

Бошланғич синф ўқувчилари таълим планшетлари билан тўлиқ таъминланади.

Чекка ҳудудларда мактаб автобуслари бепул йўлга қўйилади.

Биринчи навбатда эҳтиёжманд оилада тарбия топаётган болаларнинг қобилиятини рўёбга чиқариш учун зарур чоралар кўрилади.
– Шу сабабли, 2030 йилгача барча туман ва шаҳарларда “Истеъдод – Интилиш – Истиқбол” деб номланадиган мактаб-интернатлар ташкил этилади,– деди Шавкат Мирзиёев. – Уларда Президент мактабларидан кам бўлмаган шароит яратилади ва эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун 70 фоиз квота ажратилади.

Таъкидланганидек, ёшларимиз учун дунё эшикларини очадиган калит, бу – хорижий тилларни билишдир. Бу борада келгуси етти йилда барча мактабларга чет эллардан “тил эгалари” бўлган ўқитувчилар олиб келинади. Бунинг учун ҳар йили 200 миллиард сўм ажратилади.
Дунёдаги “Топ-500”га кирадиган чет эл олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 50 та қўшма ўқув дастури ва “икки дипломли тизим” жорий этилади.

Бундан ташқари, биотехнология, сунъий интеллект ва бошқа юқори технологик йўналишларда йилига 500 нафар истеъдодли ёшларимиз энг нуфузли хорижий олийгоҳларга давлат ҳисобидан ўқишга юборилади.

ЎзА