“Tashkent city»даги «Congress Hall» мажмуасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўн биринчи съезди бўлиб ўтмоқда.
ЎзЛиДеПдан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури юзасидан маъруза қилмоқда.
–Халқаро экспертлар билан бирга ўтказган таҳлилларимиз кўрсатмоқдаки, бугун ҳаётимиздаги мавжуд шароитлар болаларимизга фақат 60 фоиз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имкон берар экан.
Шу боис биз таълим-тарбия соҳасини тубдан ўзгартиришга бел боғлаб, ислоҳотларни боғчалар тармоғини кенгайтиришдан бошладик ва сўнгги йилларда қамровни 27 фоиздан 72 фоизга олиб чиқдик,– деди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этилганидек, ўтган даврда мактаб таълимида қўшимча 700 минг ўқувчи ўрни яратилди. Шу билан бирга, 200 га яқин Президент, ижод ва ихтисослашган мактаблар ҳамда 400 та хусусий мактаб ташкил қилинди.
Энг муҳими, таълимга замонавий методика, сифат ва рақобат кириб келди.
Бошланғич синф дарсликлари энг илғор хорижий тажрибалар асосида тўлиқ янгиланди. Мактабларга минглаб хорижий муаллимлар олиб келинди.
Бугун қанча-қанча оддий оилалар фарзандлари халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлмоқда, нуфузли хорижий олийгоҳларга кирмоқда. Уларни ота-оналарининг қувончи чексиз.
–Айни вақтда барчамиз яхши тушунамизки, бу ишлар улуғ мақсад йўлидаги дастлабки қадамлардир. Олдимизда янада улкан вазифалар турибди. Масалан, бу йил мактабларни 390 минг ўқувчи битирган бўлса, 700 минг бола
1-синфга боради. Келгуси йилларда
бу рақам 1 миллионга чиқади. Бу эса, табиийки, биздан янада улкан куч ва ресурсларни сафарбар этишни талаб қилади. Шу боис, мактабгача ва мактаб таълимини юқори босқичга олиб чиқиш бўйича янги дастурларни бошлаймиз, – деди Шавкат Мирзиёев. – Энг аввало, 2030 йилга қадар мактабгача таълимга бўлган эҳтиёж
тўлиқ қопланади ва қамров 100 фоизга етказилади.
Бунинг учун, ишлаб чиқариш корхоналарининг боғча қуришга сарф этиладиган харажатлари солиқлардан тўла озод қилинади.
Шунингдек, бу мақсадларга 7 фоизлик ставкада 10 йил муддатга кредит берилади. Натижада, 2030 йилга қадар қўшимча 2 мингта боғча қурилади.
Эҳтиёжманд оилалар фарзандлари учун боғча харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади. Бу имтиёз бола
хусусий боғчага борса ҳам қўлланади.
Боғча ва мактабларимиз фильтрланган ичимлик суви билан тўлиқ таъминланади.
Мактабгача таълим муассасаларида оқсил, витамин ва минераллар билан бойитилган, сут ва йод билан тўйинган нон маҳсулотлари берилиши йўлга қўйилади.
Болажонларимизни эрта ёшдан бошлаб замонавий технологияларга ўргатиш мақсадида, ҳар бир боғча компьютер синфи билан таъминланади.
Келгуси 7 йилда мактабларда қўшимча 2,5 миллион ўқувчи ўрни яратишимиз, таълим сифатини тубдан яхшилашимиз зарур.
Шу мақсадда “Йилига 500 минг ўқувчи ўрни” дастури амалга оширилади.
ЎзА