Ўзбекистонда “Пекин”, “Гуанчжоу” номлари билан фаолият кўрсатган ва ўзини ОАВларда “Хитой анъанавий табобати” деб тарғиб қилган фирмалардаги фирибгарлик бир-бир овоза бўлди-ю, халқда, аввало беморларда уларга ишонч батамом йўқолди.

Ҳа, гўё Хитой тоғу-яйловларидан териб келиб тайёрланган дори шифобахш деб беморларни руҳан ишонтира олгандилар. Аслида эса Ўзбекистон, Россия ва бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган “оғриқбосди” таблеткаларни саватча-ю – ялтироқ ёзувли қутичалардан олиб берганлар.

Хўш, Хитой анъанавий тиббиёти тажрибаси, дори-дармонлари фирибдан иборатми? Бу саволга жавоб топиш учун Ляньюньгандаги “Jianqsu Henqrui” фармацевтика  компаниясида бўлдик. У Хитойдаги анъанавий фармацевтикага асосланган еттита энг йирик корхонанинг энг каттаси экан. У тайёрлайдиган дори-дармонлар 100 фоиз табиий гиёҳлардан олинади. Кимёвий модда умуман қўшилмайди. Компания Хитойдаги бешта йирик шаҳарларда, АҚШ, Швейцария, Японияда илмий тадқиқот марказларига эга. Уларда гиёҳлар тадқиқ қилинади. Таркибидан шифобахш моддаларни ажратиб олиш технологияси яратилади, улардан эса касалликларга самарали таъсир кўрсатувчи дори-дармонлар тайёрлаш услублари меъёрлари ўрганилиб, натижада сўнгги босқич – ишлаб чиқаришга жорий этиш учун тавсия қилинади. Кўрганингиздек, гарчи “анъанавий” дейилсада ва гиёҳлардан дори тайёрлашнинг минглаб йиллик тажрибалари бўлсада, компания фақат ва фақат илмга таянган.

Биз у ишлаб чиқараётган дори-дармонлар номини ёзишдан тийилдик. Зеро унда уларни реклама қилган бўлиб қоламиз. Лекин шуни айтиш мумкинки, гепатит, қанд, юрак хуружи каби касалликларни даволовчи дорилар умумий ишлаб чиқаришнинг асосий қисмини ташкил этади.

Компания мамлакатнинг тоғлик ва яйлов жойларида плантацияларга эга. Бундан ташқари доривор гиёҳлар ўсадиган манзилларда яшовчи аҳоли ўқитилган. Улар тўлов эвазига ноёб гиёҳларни ажратиб териб топширишади. Албатта, Хитой улкан мамлакат ва режали ташкил этилган гиёҳ йиғишда компания муаммога йўлиқмаган.

Сизга биргина рақам келтирмоқчимиз. “Jianqsu Henqrui” 2022 йилда 3,4 миллиард долларлик гиёҳлардан тайёрланган дори-дармон сотишга эришган. Экспорт манзили эса АҚШ, Европа, Осиё…Хариддаги мунтазамлик – сифатга ишонч эмасми?


Муҳаммаджон Обидов, 

Пекин. Ляньюньган.  

ЎзА