Марказий банк томонидан “Кредит ташкилотларига, тўлов ташкилотларига, тўлов тизимлари операторларига, валюта биржаларига ва кредит бюроларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллаш тартиби тўғрисида»ги низом лойиҳаси regulation.gov.uz порталига муҳокама учун жойлаштирилди.
Низомда ташкилотларга чора ва санкцияларни қўллаш асослари ва тартиби, қоидабузарликларни бартараф этиш устидан назорат, дивидендларни тўлаш ёки фойдани тақсимлашни тўхтатиб туриш, кредит ташкилотининг айрим турдаги операцияларини чеклаш ёки тўхтатиб туриш, жарима ундириш каби тамойиллар белгиланган.
Шунингдек, содир этилган қоидабузарлик учун қўлланиладиган чора ва жарималар миқдорлари ҳам кўрсатилган. Масалан, банк ва нобанк кредит ташкилоти томонидан оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган рекламанинг реклама чиққан кунда ҳақиқатга мос келмаслиги БҲМнинг эллик беш баравари миқдорида жаримага тортилишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, банклар томонидан банкка алоқадор бўлган шахслар билан тузадиган шартномалари банкка алоқадор бўлмаган шахслар учун назарда тутилган шартномаларга қараганда анча қулай шартларга асосланган ҳолатлар аниқланганда, бир йил ичида бир маротаба бузилганда – 200 млн. сўм, бир йил ичида иккинчи маротаба бузилганда – 500 млн. сўм, бир йил ичида учинчи маротаба бузилганда – бошқа чора ва санкция қўлланилади.
Кўрсатилаётган банк ва молиявий хизматлар тўғрисидаги ахборотни эълон қилмаслик ёки ўз вақтида эълон қилмаслик, атайин нотўғри маълумот тарқатиш (тақдим этиш), шунингдек, Марказий банкка банк ва молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид ҳисобот ёки маълумотларни тақдим этмаган ёхуд ўз вақтида тақдим этмаган тақдирда, банкдан БҲМнинг етти баравари миқдорида жаримага тортилади.
Ш.Маматуропова, ЎзА