Мўйноқ туманида Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан ташкил этилган “Rally Muynak – 2023” авторалли бўйича Ўзбекистон чемпионати ғолибларини тақдирлаш маросими бўлди.
Уч кун давом этган чемпионатда двигатель ҳажми 1600 см3гача “А-8” синфи бўйича биринчи ўринни Тошкент шаҳридан Фарҳод Даминов, Азамат Алирзаев, иккинчи ўринни Жиззах вилоятидан Санжар Набиев, Жавоҳир Тошпўлатов, учинчи ўринни Қашқадарё вилоятидан Умид Тошпўлатов, Жасур Темиров эгаллаган бўлса, двигатель ҳажми 2000 см3гача “А-9” синфи бўйича Тошкент шаҳридан Фаррух Ўринов, Сергей Алимовлар биринчи, Андижон вилоятидан Иброҳим ва Бахтиёр Тўйчиевлар иккинчи, Самарқанд вилоятидан Фикрат Ахтамов, Фируз Джумаев учинчи ўринларни қўлга киритди. “Багги” бўйича Тошкент шаҳридан Равшан Қобилов, Андижон вилоятидан Абдуманнон Козаков, Бухоро вилоятидан Мурот Истамов совринли ўринларни эгаллади.
Шунингдек, двигатель ҳажми 125 см3гача бўлган мотоцикл бўйича биринчи ўринни Бухоро вилоятидан Бахтиёр Ахмедов, иккинчи ўринни Навоий вилоятидан Богдан Цатурян, учинчи ўринни Бухоро вилоятидан Асадбек Ражабов қўлга киритган бўлса, двигатель ҳажми 500 см3гача мотоцикл бўйича Бухоро вилоятидан Жасур Саматов биринчи, ушбу вилоятдан Бекзод Халимбоев иккинчи, Андижон вилоятидан Иброҳим Адхамов учинчи ўринларни қўлга киритди.
“Rally Muynak – 2023” автомобиль спорти мусобақалари ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини 100, 50, 15, 10, 5 миллион сўмдан пул мукофотлари, шунингдек, ғолиблар, мураббийлар ва ҳакамларга Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Марказий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши раҳбариятининг эсдалик совғалари ҳам топширилди.
Тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири