Бетакрор таъми, ўзига хос кўриниши ва мазаси туфайли бутун дунёда севиб истеъмол қилинадиган турк таомлари инсон саломатлиги учун ҳам жуда фойдали. Айни кунларда кўплаб давлатларда “Турк ошхонаси” ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Лойиҳа доирасида Туркиянинг дунё бўйлаб дипломатик ваколатхоналари Хатай ошхонасининг ўзига хослигини тарғиб қилиш мақсадида турли ижтимоий, медиа кампаниялар ўтказмоқда.
Тошкент шаҳрида Туркиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилган шундай тадбирда дипломатик корпус вакиллари рафиқалари билан, шунингдек қатор мартабали меҳмонлар иштирок этди.
Маълумот ўрнида айтиш керак, гастрономия соҳасида ЮНEСКО ижодий шаҳарлари тармоғининг бир занжири бўлган Хатай беқиёс ошхонаси билан эътиборни тортади. Бу ҳудудда унумдор тупроқда етиштирилган юқори сифатли зайтун мойи ва дони, дуккакли экинлар, сабзавот, мева, маҳаллий ўт ва зираворлар бирлаштирилган ҳолда мўъжизалар яратилади. Бу гал таом тайёрлашда ортиқча чиқинди чиқармасликка алоҳида эътибор қаратилади.
Турк ошхонаси ҳафталиги иштирокчилари маҳаллий маҳсулотдан ва анъанавий пишириш усулларидан фойдаланган ҳолда,Хатай таомларини тайёрладилар. Қадимий ва барқарор турк ошхонасининг бой биологик хилма-хиллиги, турли истеъмол усуллари ҳақида батафсил маълумот олиш имконига эга бўлдилар. Қолаверса, қатнашчилар турк ошхонасининг барқарор ва чиқиндисиз ёндашувга асосланган пишириш методологиясини ўрганиб, амалий тажриба алмашдилар.
– Ўзбекистонликлар турк таомларини севиб истеъмол қилишади, мамлакатдаги кўплаб турк ресторанлари доим гавжумлигини кўриб, бунга ишонч ҳосил қилиш мумкин, –дейди тадбир ташкилотчиси Нургул Бекар. – Хабарингиз бор, жорий йил Туркияда содир бўлган даҳшатли зилзиладан, айниқса, Хатай вилояти жиддий зарар кўрди. Бизнинг мақсадимизбетакрор Хатай ошхонасининг ўзига хос анъанаси, тарихи ва емак тайёрлаш жараёнинитарғиб қилиш, бу ҳақда кенг оммага маълумот бериш. Лойиҳа давлатимиз раҳбарининг турмуш ўтроғи Эмине Эрдоған ташаббуси билан амалга оширилмоқда. ТадбирдавомидаХатайнинг ўзгача таомлари, яшил зайтундан тайёрланган антиқа салатлар тайёрланиб, меҳмонларга тортиқ қилинди.
Шунингдек, дастурхонга турк қаҳваси ва чойи, локум ва бошқа лаззатли таомлар тортилди. “Зайтун салати”, “ҳуммус” ва “кисир” сингари ўзига хос таомларни тайёрлаш жараёни ҳақида видеолавҳа намойиш этилди.
Гўзал Сатторова, ЎзА