Хитой кўп йиллардан буён Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий ҳамкорларидан бири сифатидаги мавқеини сақлаб келмоқда. Қатор давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро битимлар сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун пойдевор, мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиляпти.

Бугунги кунда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг юқори салоҳияти жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ўтган йил сентябрь ойида уч давлат иштирокида мазкур лойиҳа бўйича тегишли ҳужжатлар имзоланган. Ушбу тарихий воқеа амалга ошиши билан Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва жанубий йўлак орқали Форс кўрфази давлатларига юк ташиш ҳажми сезиларли даражада ошади.

Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ахборот агентликлари форуми қатнашчилари минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг янги истиқболлари билан танишиш мақсадида Чжэнцжян вилояти Нинбо шаҳридаги денгиз порти фаолиятини ўргандилар. Маҳсулот айирбошлаш бўйича дунёда ўн тўрт йилдан бери биринчиликни қўлдан бермай келаётган мазкур бандаргоҳ, мутассадилар таъкидлашича, тўғридан-тўғри денгизга чиқиш йўли бўлмаган Ўзбекистонга юк ташиш хизмати кўрсатишда салмоқли фойда келтириши мумкин. Айни пайт икки томон ўртасида алоқани кенгайтириш учун музокаралар олиб борилмоқда.

“Шарқ кабели” мажмуаси ер ости ва ер усти электр кабеллари ишлаб чиқаришга мослашган. Эллик гектар ҳудудни эгаллаган заводда мингга яқин ишчи-хизматчи банд. Бош директор ўринбосари Чжан Юэй маълумот беришича, ушбу корхонада йилига юз миллиард юан ёки етти миллиард долларлик маҳсулот тайёрланади. 35-2,500 миллиметр/квадрат ҳажмли кабелнинг 80 фоизи экспорт килинади. Бундай маҳсулот Буюк Британия, Нидерландия, Эрон ҳамда Жануби-шарқий Осиё мамлакатларида харидоргир. Мазкур жамоа билан шериклик қилиш ҳам мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтиришга кўмаклашиши, шубҳасиз.

Аброр Ғуломов, ЎзА
Нинбо, Хитой