Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан оталиққа олинган Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактабида ҳам “Илмни қадрла, илмга интил!” шиори остида “Сўнгги қўнғироқ” тадбири ўтказилди.
Унда таълим мутасаддилари билан бирга Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси бошлиғи Илҳомбек Казаков қатнашиб, ўқувчи ёшларни байрам билан табриклади, уларга келгусида баланд парвозлар ва оқ йўл тилади.
Таъкидлаш жоизки, ушбу мактабда ташкил этилган “Ёш божхоначи” тўгараги йил давомида ўз фаолиятини жадаллик билан олиб бориб, ўқувчиларни божхона соҳаси билан яқиндан таништирди.
Байрамона тадбир давомида ушбу тўгарак доирасида ўтказилган назарий ва амалий дарсларда фаол иштирок этган, шунингдек, ташкил этилган мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган бир қатор ўқувчилар божхона органлари томонидан тақдирланди. Хусусан, божхона қўмитаси томонидан таъсис этилган “Ёш божхоначи” рамзий нишони билан 12 нафар ўқувчи мукофотланди. Шунингдек, яқинда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ташаббуси билан ўтказилган бадминтон бўйича мусобақа ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Илм маскани ҳисобланмиш мактабдан олган таълим ва тарбия ёшларнинг келажакда ўз ўрнини топишларида тиргак вазифасини бажаради. Бу йўлда божхона органларининг ҳам ҳиссаси борлиги қувонарли, зеро бугунги тақилган рамзий нишонлар ўқувчиларни янада катта қадамлар сари етаклаши шубҳасиз.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири