Мамлакатимиз мустақиллигини асраб-авайлаш, сарҳадларимизнинг ҳар қаричини кўз қорачиғидек сақлаш, юртимиз ҳимоясини таъминлаш ватанпарвар ҳарбий хизматчилар зиммасига юклатилган масъулиятдир.
Жадаллик билан тараққиётга йўл очган сўнгги йиллардаги ислоҳотлар мудофаа соҳасини ҳам ўз ичига олиб, миллий армиямизни том маънода қайта қуриш, замонавий қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникалар билан бутлаш, хизмат ўташ учун шинам ва қулай шарт-шароитлар яратилишига замин бўлди.
Бугун армия сафларида хизмат қилиш ҳар бир эр йигит учун нафақат шарафли бурч, балки муқаддас вазифага айланди. Ҳарбий хизмат нуфузи ва армияга бўлган эътибор ортиб бормоқда.
Хизмат нуфузи ортиши ҳамда халқимизнинг ишончи янада мустаҳкамланишида албатта сўнгги йилларда давлат ва жамоат ташкилотлари билан самарали ҳамкорлик механизми йўлга қўйилгани, бу борада Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг самарали фаолияти катта аҳамиятга эга.
Зеро, «Халқ ва армия – бир тану бир жон!» деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш, армия ва халқ ўртасида мустаҳкам кўприк вазифасини ўташ учун ташкил этилган Жамоатчилик кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмалари халқ ва миллий армия ўртасидаги узвий бирликни, ҳамфикрликни ва якдилликни мустаҳкамламоқда.
Мазкур тизим мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчилик фикрини шакллантириб, юртимиз мудофаа қудратини оширишнинг долзарб масалаларини атрофлича ўрганиш, шу асосида тегишли таклиф, тавсиялар ишлаб чиқиш туфайли, халқ ва армия якдиллигини таъминлашдек муҳим вазифаларни бажармоқда.
Хабарингиз бор, шу йилнинг 11 апрель куни давлатимиз раҳбари томонидан имзолаган «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонга мувофиқ, кенгашнинг асосий вазифалари, янгиланган таркиби, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларида Жамоатчилик кенгашининг ҳудудий бўлинмалари намунавий таркиби ҳамда Жамоатчилик кенгаши тўғрисида низом тасдиқланган.
Мазкур фармонда қўйилган устувор вазифаларни сифатли бажариш ҳамда ҳарбий хизматчилар билан яқиндан танишиш мақсадида янгиланган таркибдаги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг биринчи йиғилиши ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон халқ шоири, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси Иқболжон Мирзаалиев, кенгашнинг ҳудудий бўлинмаси аъзолари, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Улуғбек Дўстматов, Нукус ҳарбий прокурори, адлия полковниги Шуҳрат Зоиров, ҳарбий хизматчилар ҳамда Қуролли Кучлар фахрийлари иштирок этди.
Йиғилишни кенгаш раиси Иқболжон Мирзаалиев очиб берди ҳамда мазкур фармон билан Жамоатчилик кенгаши олдига қўйилган вазифалар, унинг асосий фаолияти ҳақида тўхталиб ўтди. У ўз сўзида сўнгги 7 йилда амалга оширилган туб ислоҳотлар самараси ўлароқ, миллий армиямиз том маънода янгича қиёфа касб этиб, буткул замонавийлашганини таъкидлади.
Жумладан, сенатор ўз нутқида айнан Нукус гарнизонидаги ҳарбий объектлар мисолида амалга оширилган капитал таъмир ва бунёдкорлик ишларини юксак баҳолаб, давлатимиз раҳбари томонидан армияга бўлган катта эътибори намунаси эканлигини эътироф этди.
“Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказига чамаси 7 йил олдин келган эдим. Бу ер жуда аянчли ҳолатга келиб қолганини кўриб, роса хўрсиндим. Деярли хароба ҳолатида бўлган бино бугун муҳташам қиёфа касб этиб, ҳақиқий маънавият ва маърифат улашувчи масканга айланганини кўриб, жуда қувондим”, деди ўз нутқида кенгаш раиси.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши раиси ва ўринбосарлари, ҳарбий прокурор ўз нутқида ҳарбий хизматчиларнинг маънавий-маърифий савиясини, жанговар ва миллий руҳини ҳамда жамиятда ҳарбий хизмат нуфузини ошириш, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган Жамоатчилик кенгаши эндиликда янги куч, янги ғайрат билан халқимиз ва армиямиз ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашда давом этишига ишонч билдиришди.
Албатта, Ўзбекистон халқ шоири, Иқбол Мирзо, дея ҳурмат топган ижодкор иштирокидаги ҳар қандай йиғилиш, ижодий учрашувга айланиши табиий. Ўткир қалам соҳиби ижод намуналари билан йиғилганлар қалбини миллий руҳ билан тўлдирган бўлса, муддатли ҳарбий хизматга келган йигитларнинг шеъриятга бўлган қизиқиши, ҳатто етук ижодкорда ҳам катта таассуротлар қолдирди.
Ташриф давомида Жамоатчилик кенгаши раиси Иқболжон Мирзаалиев Нукус гарнизонидаги бунёдкорлик ишлари, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, ҳарбий округ тарихи музейидаги экспонатларни ўрганди.
Шунингдек, Урганч гарнизонидаги ҳарбий қисмда ҳам Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг илк йиғилиши ўтказилди. Йиғилишни Иқболжон Мирзаалиев олиб борди ҳамда кенгаш билан келгусидаги режаларни муҳокама қилди.
Темур Нарзиев,
Шимоли-ғарбий ҳарбий округ
матбуот хизмати бошлиғи, подполковник.
ЎзА