Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти, Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши томонидан 25-28 май кунлари Мўйноқ туманида “Rally Muynak – 2023” авторалли бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилади.
Чемпионатни ташкил этишдан асосий мақсад минтақада туризмни ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини кўпайтириш, спорт ва фестиваллар туризмини ривожлантириш, автомотоспорт турларини оммалаштириш, шунингдек, ёш авлодни техник ва амалий спорт турларига жалб қилишдан иборат.
Бугун “Rally Muynak – 2023” автомотоспорт мусобақалари иштирокчилари тантанали кутиб олинди. Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, мазкур беллашувларда 120 нафардан зиёд автомотоспорт устаси, шундан 40 тадан ортиқ автомобил, 25 тадан зиёд мотоцикл ва 15 тадан ортиқ “Багги” иштирок этади.
Эртага мамлакатимизнинг турли бурчакларидан ва хориждан келиши кутилаётган спортчилар икки тоифадаги автомобилларда – двигател ҳажми 1600 см3гача “А-8” ва двигател ҳажми 2000 см3гача “А-9” синфлари бўйича беллашади. Шунингдек, двигател ҳажми 2000 см3гача “Багги” ва двигател ҳажми 125 см3гача ва 500 см3гача мотоцикллар бўйича мусобақалар ҳам ташкил этилади.
Уч кун давом этадиган ушбу нуфузли мусобақани нафақат ўзбекистонликлар, балки бутун дунё бўйлаб ушбу спорт тури ихлосмандлари катта қизиқиш билан кутмоқда.
“Rally Muynak – 2023” автомобил спорти мусобақалари ғолибларига Ўзбекистон Республикаси Президенти совринлари топширилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири