ФОТОРЕПОРТАЖ
Қорақалпоғистон Республикаси Амударё тумани “Чойкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудида 7 минг 120 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуд аҳолиси меҳнаткаш. Буни аҳоли хонадонларида томорқачиликнинг яхши йўлга қўйилганидан ҳам билиш мумкин.
Овул хонадонларидаги 203 гектар томорқа ерларда мева-сабзавот, полиз экинлари етиштирилмоқда.
Шунингдек, ҳудуд аҳолиси пиллачилик билан ҳам шуғулланади.
Апрель ойида пилла етиштириш истагидаги 93 хонадонга 75 қути ипак қурти тарқатилган бўлиб, айни пайтда пилла ҳосили давлат хирмонига топширилмоқда.
– Узоқ йиллардан буён оиламиз пилла етиштириш билан шуғилланиб келади, – дейди 75 ёшли отахон Турсинбой Сафаров. – Жорий йил 1 қути ипак қуртини невараларим ва келиним билан парваришладик. Албатта, натижалар ёмон эмас, хирмонга 85 килограммдан ортиқ “кумуш тола” топширишни ният қилганмиз.
Бундан ташқари хонадон эгалари 7 сотих таморқа ерида картошка, помидор, пиёз, бодринг, мева ва полиз экинларини етиштириб, яхши даромад олмоқда.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ(сурат),ЎзА