Комбоджа пойтахти Пномпень шаҳрида Сув ресурслари бўйича Осиё парламентлараро маслаҳат кенгашининг 5-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этди.
Мазкур тадбирда Жанубий Корея, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия каби давлатлардан парламент аъзолари қатнашди.
Мажлисда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда парламентлар ва парламент аъзоларининг роли, сув билан таъминлаш ва ижтимоий таъминот дастурлари, сиёсий тадқиқотлар ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Иштирокчилар ушбу майдондаги ҳамкорлик сув хўжалиги масалаларини ҳал қилиш, ичимлик суви таъминоти ва канализация тармоғи ишлашини таъминлаш, сув тошқинлари ва қурғоқчиликнинг олдини олиш, сув хавфсизлигини таъминлаш учун илғор юқори технологияли воситалардан фойдаланиш имконини беришини таъкидлади.
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси Б.Алихонов кейинги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш, сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳамда Оролбўйи экотизимини яхшилаш борасида ишлар амалга оширилаётгани, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили 200 миллион кўчат экилаётгани таъкидланди.
Мажлис давомида “яшил иқтисодиёт”, “яшил энергетика” тамойилларини жорий этиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси намойиш этилди
Иштирокчиларга Олий Мажлис Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси аъзолари ва экспертлари томонидан ишлаб чиқилган сайёрамиз минтақаларидаги иқлим ўзгариши интенсивлигини аниқлаб берадиган универсал формула тақдим этилди.
Йиғилганлар иқлим ўзгаришининг олдини олиш, Барқарор ривожланиш мақсадларига ва сув барқарорлигига эришиш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш лозимлигини таъкидлади.
Мажлис якунида сув барқарорлигини таъминлаш, иқлим муаммосини ҳамжиҳатлик билан ҳал этиш, ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда парламентлар иштирокида ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича дастур ва лойиҳалар таклиф этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА