Оксфорддан крикет ўйинчисигача… ва сиёсий муваффақият сари

1992 йил Покистон халқи учун унутилмас воқеа содир бўлди. Имрон Хон ўз мамлакати крикет жамоасини Жаҳон кубоги сари етаклаб борди. Ғалаба нашидасини мухлисларига «бурчакка ҳайдалган йўлбарслар» каби курашишда давом этишини таъкидлаб, нишонлади. Орадан 30 йил ўтгач, тарафдорлари полиция билан тўқнаш келди, чунки у коррупцияда айбланиб, судланди…

Покистоннинг крикет афсонаси, собиқ бош вазир Имрон Хон ишончсизлик вотуми натижасида ҳокимиятдан четлатилди ва бир йил ўтиб, ҳибсга олинди.

Лахордан Оксфордга йўл…

Имрон Аҳмад Хон Ниёзий 1952 йил Покистоннинг Лахор шаҳрида бадавлат оилада туғилган. Дастлаб Кебле коллежида, кейин Оксфорд университетида таҳсил олган.

Унинг крикетдаги халқаро юриши Бирмингемдаги Эдгбастонда, Покистон терма жамоаси сафида Англияга қарши дебют ўйинида бошланган.

Мунозарали сиёсий арбоб

Имрон ўтган аср 70-йилларида крикетчи сифатида машҳурликка эришган бўлса-да, бугун ҳукуматнинг собиқ бошлиғи сифатида жамоатчилик эътиборида.

У 2018 йил коррупцияга қарши курашишга ваъда берган миллатчи сифатида етакчиликка сайланган эди, бироқ 2022 йил апрель ойида ҳокимиятдан четлатилди.

Овоз бериш иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан нотўғри бошқарув даъвоси бўйича ўтказилди. Мухолифлар унинг иқтисодни жонлантира олмаётгани, коррупцияга қарши курашмаётганини рўкач қилишди. Хон эса рақибларини АҚШ билан тил бириктирганликда айблади, аммо ҳеч қандай далил келтирмади.

Хон, шунингдек, халқни унинг ҳокимиятдан четлатилишига қарши норозилик билдириш учун кўчага чиқишга чақирди.

Нега ҳибсга олинган?

Покистон пойтахти Исломободда Хон лавозимидан четлатилганидан бир йил ўтиб, ўнлаб зобитлар ҳам ҳибсга олинган ва коррупцияда айбланиб, судга келтирилгани айтилади. Судьядан 70 ёшли мухолифат етакчисини 14 суткагача ҳибсда сақлаш сўралган. Суд қарорига кўра, жаноб Хон сўроқ учун саккиз кун ушлаб турилади.

Имрон Хон 1995 йил, сиёсий партия ташкил этишидан бир йил олдин, британиялик Жемима Голдсмитга уйланган. Улар икки фарзанд кўришган, лекин тўққиз йил бирга яшаб, 2004 йил ажрашишган.

Собиқ Бош вазирнинг журналист, об-ҳаво маълумоти бошловчиси Реҳам Хон билан никоҳи 10 ой амал қилган. Жуфтлик 2015 йилда ажрашган.

Хон ҳозирги рафиқаси, уни даволаган имонли табиб Бушра Биби Хон (собиқ Манека)га 2018  йил уйланган.

Партиядоши, депутат Ойша Гулалаи Вазир 2013 йили Имрон унга «номақбул» СМС юборганини даъво қилиб, парламент текшируви ўтказишни сўраган.  Хон бу айбловни рад этган.

1996 йил Покистоннинг “Техрик-е-Инсаф” партиясига асос солганида, коррупцияга қарши курашишга ваъда берган Имрон Хон ҳозирча мамлакатдаги энг таниқли мухолифат арбоби бўлиб қолмоқда. Зеро, унинг ҳибсга олиниши сиёсий инқирозни чуқурлаштириб, турли намойишларга сабаб бўлди.

Ҳозиргача тартибсизлик туфайли, камида, тўрт киши ҳалок бўлди: бири жануби-ғарбий Кветта шаҳрида ва яна уч киши Покистон шимоли-ғарбида, мамлакатнинг турли ҳудудларида ўнлаб фуқаролар яраланди.


“Sky News” нашри материаллари асосида

Муҳаррама Пирматова тайёрлади.

ЎзА