Ўзбекистон ва Қозоғистон божхона хизматларининг икки томонлама сайёр учрашуви бўлиб ўтди.
Сайёр учрашувда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Илҳом Мухторов ва Қозоғистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат даромадлари қўмитаси раиси ўринбосари Бакытжан Слямов, шунингдек, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов, иккала давлат чегара назорати раҳбарияти вакиллари иштирок этди.
Дастлаб томонлар Қозоғистоннинг “Жибек-Жолы” чегара-божхона постида музокаралар олиб борди. Унда асосий эътибор шу кунларда ўзбек-қозоқ чегара ўтказиш пунктларида кузатилаётган юк автотранспорт воситаларининг тирбандлигига қаратилди.
Таъкидланишича, сўнгги 5 йилда иккала давлат ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик алоқаларининг ривожланиши натижасида айнан автотранспорт воситалари орқали ташилаётган ташқи савдо юклари 2 баробарга ошган. Хусусан, ўзбек-қозоқ чегараси орқали ҳаракатланаётган юк автотранспорт воситалари сони ҳам йилига ўртача 100 мингтага ошмоқда.
Маълумот ўрнида айтиш жоиз, шу йилнинг 4 ойи давомида Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегараси орқали 331 минг 672 та автотранспорт воситалари ҳаракатланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврида 160 минг 689 тани ташкил қилган эди.
Ўсиш кўрсаткичлари келгусида чегара-ўтказиш пунктларида турли ноқулайликлар ва тирбандликларни юзага келтиришини олдиндан таҳлил қилиб, иккала давлат божхона хизмати раҳбарлари 2021 йил 25 декабрдаги ишчи учрашувида божхона постларини қайта қуриш ва модернизация қилиш бўйича муҳим келишувларга эришишган эди.
Ушбу келишувлар доирасида ҳозирда “Навоий” (Ўзбекистон) – Капланбек (Қозоғистон) чегара-божхона постларида ҳар икки давлат томонидан модернизация ва реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Қозоғистоннинг “Казыгурт” ва “Атамакен” чегара божхона постларида ҳам қурилиш ишлари қизғин давом этмоқда.
Айни вақтда юртимизда пишиқчилик мавсуми ҳам бошланган бўлиб, ноябрь ойига қадар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти кундан кунга ошади. Мазкур омиллар натижасида ўзбек-қозоқ чегара ўтказиш пунктларида шу кунларда жами ҳисобда мингга яқин юк автотранспорт воситаларининг тирбандлиги кузатилмоқда.
Учрашув иштирокчилари Ўзбекистонинг “Ғишткўприк”, “Яллама”, “Сирдарё” чегара божхона постлари, “Малик”, “Оқ олтин” ўтказиш пунктлари, Қозоғистоннинг эса “Б.Конысбаев”, “Атамекен” каби чегара божхона постларида ҳам бўлиб, мавжуд вазиятни жойида кўздан кечирди, тирбандликда турган ҳайдовчилар билан яқиндан мулоқот қилишди.
Томонлар муаммони тезкорлик билан бартараф этишга қаратилган таклифларни атрофлича муҳокама қилди. Хусусан, Ўзбекистон томони асосан кундузги вақтда фаолият юритувчи “Малик” (Ўзбекистон) – “Сирдарё” (Қозоғистон) ўтказиш пунктини суткалик режимга ўтказиш, шунингдек, ҳаракатланаётган ҳайдовчиларнинг фуқаролиги ва транспорт воситаси рўйхатдан ўтказилган давлатга доир чекловларни бекор қилиш таклифини илгари сурмоқда. Бунинг учун иккала давлат ўртасида 2001 йилда имзоланган келишувларга ўзгартиришлар киритиш лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилган.
Шунингдек, “Яллама” (Ўзбекистон) – “Б.Конысбаев” (Қозоғистон) чегара-божхона постлари орқали юк автотранспорт воситаларининг ўтказувчанлигини суткасига 700 тагача кенгайтириш таклифи ҳам илгари сурилди. Бунинг учун қўшимча куч ва воситалар, хусусан, илғор ахборот технологияларини кенг жалб этиш назарда тутилган. Учрашув очиқ ва конструктив руҳда бўлиб ўтди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА