Қуролли Кучлар академиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти экспертларининг Буюк Британия Қироллиги Мудофаа тадқиқотлари  ҳарбий коллежи бир гуруҳ тингловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди. Тингловчилар орасида Австралия, Қувайт, Непал, Янги Зеландия, Ўмон, Покистон, Япония ва бошқа мамлакатлар вакиллари ҳам бор эди.

Ушбу ҳарбий муассаса миллий мудофаа ва халқаро хавфсизлик соҳасида ҳарбий, дипломатик ва бошқа давлат хизматлари учун мутахассис тайёрлайдиган Британиядаги қадимги академик институтлардан бири ҳисобланади.

Учрашув доирасида Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи, Ўзбекистоннинг айни жараёндаги роли, шунингдек, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш истиқболи муҳокама қилинди.

Британиялик меҳмонларга Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш, Марказий Осиёда жадал ривожланиш ва барқарорликни таъминлаш, шунингдек, халқаро кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар бўйича нуқтаи-назари билдирилди.

Хусусан, СМТИ  директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов 2016 йилдан бошлаб Марказий Осиёдаги вазият тубдан ўзгарганини таъкидлади. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида минтақада ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашга қаратилган принципиал янги сиёсий муҳит яратилди.

Ўзбекистон ташқи фаолиятининг асосий йўналиши Марказий Осиё экани алоҳида қайд этилди. Мамлакатимизда фаол мулоқот, тенг ҳуқуқлилик, манфаатларни ҳисобга олиш, ўзаро муроса тамойилларига таянилади.

Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари ташкил этилиши минтақавий муносабатнинг янги даражасини намоён этди. Минтақавий ҳамкорликнинг янги форматлари – парламентлараро форум, етакчи аёллар форуми фаол ишлай бошлади.

Иқтисодий ҳамкорликнинг янги шакллари – инвестицион жамғармалар, чегара савдо-индустриал зоналари, саноат кооперацияси лойиҳалари 2016-2022 йиллар оралиғида қўшма корхоналар сонини 5 баробар кўпайтириш, минтақалараро савдони 4 баробар, яъни 5,5 миллард доллардан 20 миллиард долларга чиқариш имконини берди.

Британиялик меҳмонлар билан учрашувда СМТИ экспертлари томонидан Ўзбекистон бугунги кунда жамият ва давлатни янгилаш, шахс эркинлиги ва ҳуқуқини янада мустаҳкамлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва таъминлашда давлатнинг масъулиятини ошириш билан боғлиқ муҳим ва шу билан бирга осон бўлмаган ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида тургани таъкидланди.

Шу билан бирга А.Неъматов Конституциявий ислоҳотнинг алоҳида жиҳатлари, шунингдек, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси устувор йўналишларига ҳам батафсил тўхталди.

Ўз навбатида Британия делегацияси бошлиғи С.Дейнтон Ўзбекистонга ташриф халқаро стратегик тадқиқотлар соҳасида диплом олгандан кейинги таълим дастури доирасида бўлиб ўтганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, тингловчилар гуруҳи Ўзбекистонга келишдан олдин Грузия ва Қозоғистонда етакчи таҳлил марказлари ва эксперт доиралари вакиллари билан минтақавий хавфсизлик, барқарорлик масаласини муҳокама қилган.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг таҳлилий, академик доиралари ўртасида ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликни давом эттиришга икки томон ҳам тайёрлиги билдирилди.

ЎзА