Ҳуқуқий муносабат

Ишдан четлаштириш ходимнинг меҳнат мажбуриятларини, қоида тариқасида, иш ҳақи сақланмаган ҳолда бажаришга вақтинча йўл қўймасликдир. Хўш, ходим қандай ҳолларда ишдан четлатилиши мумкин? Бу борадаги саволларимизга Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Муҳриддин Шамсиддинов жавоб берди.

– Меҳнат кодексига кўра, иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимни ишдан четлаштириши шарт. Жумладан, қонунчиликка мувофиқ ваколатли давлат органларининг талабига кўра, алкоголли ичимликдан, гиёҳвандлик ёки токсик модда таъсиридан мастлик ҳолатида ишга келганида ёки ишда бўлганида. Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаганда, мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаганда ҳамда ходим томонидан меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни бажариш учун тиббий хулосага мувофиқ қарши кўрсатмалар аниқланганда.

Шунингдек, тиббий хулосага мувофиқ соғлиғининг ҳолатига кўра тўрт ойгача муддатга вақтинча бошқа ишга ўтказишга муҳтож бўлган ходимни ўтказиш рад этилганда ёхуд иш берувчида иш мавжуд эмаслиги муносабати билан бундай ходимга тегишли ишни таклиф этиш мумкин бўлмаганда, ходим меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ёки меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига мувофиқ фойдаланилиши шарт бўлган шахсий ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситаларидан фойдаланмаганда ҳам ходимни ишдан четлатиш мумкин.

– Агар ходим эмлашдан ўтмаса ҳам ишдан четлаштирилиши мумкинми?

– Ҳа, мумкин. МКнинг 151-моддаси учинчи қисмига асосан ходим карантинли ва одам учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлганда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида қонунчиликда белгиланган тартибда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатмалар мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишдан четлаштиришга ҳақли.

Яна бир жиҳатига эътибор қаратиш керакки, хизмат текшируви ўтказилган тақдирда ҳам, агар муайян ходимнинг ишда бўлиши хизмат текширувини ўтказишга халақит беради деб тахмин қилиш учун асосли сабаблар мавжуд бўлса, иш берувчи ходимни ишдан четлаштиришга ҳақли.

– Ходим қайси давр учун ишдан четлаштирилиши мумкин?

– МКнинг 151-моддасига биноан иш берувчи ходимни ишдан четлаштириш учун асос бўлган ҳолатлар бартараф этилгунига қадар бутун даврга уни ишдан четлаштиради.

– Ходим ишдан четлаштирилган даврда унга иш ҳақи ҳисобланадими?

– Йўқ, ҳисобланмайди. Фақат айрим мустасно ҳолатлар мавжуд. МКнинг 152-моддасига мувофиқ ишдан четлаштириш даврида ходимга иш ҳақи ҳисобланмайди, бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно.

Ўз айбисиз меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаган ёки мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ходим ишдан четлаштирилган ҳолларда ёхуд агар ходимга иш берувчи томонидан шахсий ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситалари берилмаган, шунингдек агар ходим иш берувчи томонидан унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиши муносабати билан ишдан четлаштирилган бўлса, ишдан четлаштирилган давр учун ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади.

– Ходимни ишдан четлаштиришни қандай тўғри расмийлаштириш керак?

– МКнинг 153-моддасига кўра ходимни ишдан четлаштириш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилиб, буйруқ 151-модданинг иккинчи ёки учинчи қисмида назарда тутилган, ходимни ишдан четлаштириш учун асос бўлиб хизмат қилган аниқ сабаб кўрсатилиши керак.

Иш берувчининг ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруғи ишдан четлаштирилган ходимга имзо қўйдириб етказилади. Ходимнинг ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқ билан танишишни рад этиши бунда ҳозир бўлган гувоҳлар кўрсатилган ҳолда далолатнома билан расмийлаштирилади.

Иш берувчи ходимни ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқнинг тасдиқланган кўчирма нусхасини унга ходим мурожаат қилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай ходимнинг талабига кўра бериши шарт.

Ходимни ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқ билан таништириш имкони бўлмаган тақдирда, иш берувчи ходимга тегишли буйруқ чиқарилган кундан эътиборан уч иш куни ичида буйруқнинг кўчирма нусхасини билдириш хати билан юбориши шарт.

Ишдан четлаштириш тўғрисидаги буйруқда четлаштириш амалга оширилаётган муддат белгиланиши керак. Ходимни ишдан четлаштириш даври тугайдиган аниқ санани олдиндан аниқлаш имкони бўлмаган ҳолларда, қайси ҳодиса бошланиши билан ходимни ишдан четлаштириш муддати тугайдиган бўлса, ўша ҳодиса (ходимнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши ва бошқалар) иш берувчининг буйруғида кўрсатилади.

Ишдан четлаштирилган ходим четлаштириш муддати ёки четлаштириш қайси ҳолатлар сабабли амалга оширилган бўлса, ўша ҳолатлар тамом бўладиган муддат тугаганидан кейинги биринчи иш кунида ишга киришиши шарт.

– Агар ходим қонунга хилоф равишда ишдан четлаштирилса, бу қандай ҳуқуқий оқибатларга олиб келади?

–МКнинг 154-моддасига биноан ўзини қонунга хилоф равишда ишдан четлаштирилган деб ҳисобловчи ходим ўзининг ишдан четлаштирилиши устидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. Қонунга хилоф равишда ишдан четлаштирилган ходимнинг унга аввалги ишини тақдим этиш ҳамда ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи (агар қонунга хилоф равишда ишдан четлаштириш сабабли ходимга маънавий ёки жисмоний азоблар етказилган бўлса) компенсация қилиш тўғрисидаги талаблари қаноатлантирилиши лозим.

– Ходимни ишдан четлаштиришнинг қонунийлигини исботлаш вазифаси кимга юклатилади?

– Албатта, иш берувчига ёки тегишли давлат органининг зиммасига юклатилади. Чунки МКнинг 154-моддаси иккинчи қисмига биноан меҳнат низоларини кўриб чиқиш чоғида ходимни ишдан четлаштиришнинг қонунийлигини исботлаш вазифаси иш берувчининг зиммасига, ходим ваколатли давлат органларининг талабига кўра ишдан четлаштирилган ҳолларда эса ходимни ишдан четлаштириш тўғрисида қарор қабул қилган тегишли давлат органининг зиммасига юклатилади.

– Агар ходим иш берувчи томонидан қонунга хилоф равишда ишдан четлаштирилган бўлса, зарар қандай қопланади?

–МКнинг 154-моддаси учинчи қисмига мувофиқ агар ходим иш берувчи томонидан қонунга хилоф равишда ишдан четлаштирилган бўлса, бундай ходимга етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш мажбурияти иш берувчининг зиммасига юклатилади. Агар ходим ваколатли давлат органларининг талабига кўра қонунга хилоф равишда ишдан четлаштирилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ходимга етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланади ҳамда маънавий зиён компенсация қилинади, кейинчалик айбдор шахслардан регресс тартибида ундирилади.

Гулноза Бобоева, ЎзА