Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи ҳамда “Марказий Осиё – Хитой” биринчи саммитидаги иштироки турли соҳа экспертлари томонидан эътироф этилмоқда.

Бу ташриф икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янги босқичга кўтариш, мамлакатимизга инвесторларни жалб қилишда муҳимлиги таъкидланмоқда.

Ҳамкорликнинг истиқболлари, келгусидаги режалар хусусида қандай фикр билдириш мумкин? Қуйида шу савол билан баъзи соҳа вакилларига мурожаат қилдик.

Баҳром СОТИБОЛДИЕВ – Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи:

 Марказий Осиёнинг беш давлати ва Хитойнинг таҳлилий марказлари ўртасидаги алоқаларни кучайтиришга эътибор қаратилди. Президентимиз келгуси йил Самарқандда Миллий стратегияларимизни уйғунлаштириш масалалари бўйича биринчи халқаро экспертлар конференциясини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Таҳлил институтлари, олим ва мутахассислар стратегик ёндашувлар, комплекс тавсия ва қарорлар, минтақавий ва глобал миқёсда туб бурилиш ясайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиши лозимлиги таъкидланди. Ўзбекистон ташаббуси билан 2018 йил Тошкент шаҳрида биринчи Марказий Осиё экспертлар форуми ўтказилган эди. Бу бугунги кунда анъанавийлик касб этди. Шу ўринда ўша форум нима берди деган савол туғилади? Аввало, мамлакатлар бир-бирининг ривожланиш стратегиясини аниқлаштириб, зарур бўлса, мувофиқлаштириб олиш масаласига эътибор қаратмоқда. Бунинг натижасини мамлакатлар ўртасидаги барча йўналишларда, хусусан, савдо-сотиқ ҳажмининг изчил ошиб бораётганида кўрамиз. Энди давлатлар ўртасида қўшма саноат кластерлари пайдо бўляпти. Минтақада янги саноат занжири шаклланишига асос бўлмоқда. Ишлар Марказий Осий форматида яхши ташкил этилаётганини кўрсатади. Энди бу яна ҳам кенгаймоқда.

Илҳом МАҲКАМОВ – Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири:

 Президентимиз ташаббуси билан йирик лойиҳалардан бирининг амалга ошишини кузатмоқдамиз. Хитой темир йўллари қошидаги биринчи лойиҳа институти билан “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилишининг техник-иқтисодий асосларини якунладик. Амалий жиҳатдан қирғиз ва хитой ҳамкасбларимиз билан кейинги қадамларга ўтиш бўйича алоҳида “Йўл хариталари”, шунингдек, йирик транспорт-логистика корхоналари билан шартномалар имзоладик. Бу компаниялар ўз маҳсулотларини нафақат юртимиз орқали бошқа давлатларга ўтказади, балки қўшма корхоналар тузиб, Ўзбекистонда логистика марказларини ташкил этади. Шунингдек, темир йўл орқали ташувларни кенг кўламда ташкил этишга эътибор қаратади.

Фахриддин БОБОЕВ – “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси:

– Юртимиздаги қулай инвестицион муҳит, зарур ҳуқуқий асослар, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш борасидаги ҳаракатлар хорижий сармоядорларни қизиқтирмоқда. Ўзбекистонда охирги беш йилда Хитой тадбиркорлари билан биргаликда ўз йўналишимизда элликдан ортиқ корхона очилди. Бу лойиҳаларнинг инвестиция миқдори 242 миллион долларни ташкил этади. Яна инвестиция суммаси 200 миллион долларга яқин ўттиз бешта лойиҳани шакллантирдик. Хусусан, иккита йирик лойиҳа – Сирдарё ва Тошкент вилоятларида Ўзбекистон – Хитой технопарки ташкил қилинади. Ҳар бир ташаббус икки мамлакат учун ҳар томонлама самарали эканини таъкидлаш жоиз.

Илҳом ҲАЙДАРОВ – “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раиси:

– Президентимиз “Марказий Осиё – Хитой” биринчи саммитидаги нутқида саноат кооперациясини чуқурлаштириш, рақамли технологияларни жалб этиш ва инновацияларни, айниқса, қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш масалаларига эътибор қаратди. Ташриф доирасида ташкил этилган тадбирларда биз ҳам ўнлаб лойиҳаларни ишга туширишга келишдик. Хитойлик сармоядорлар билан анъанавий бўлмаган йўналишлар – сунъий ва синтетик толадан маҳсулотлар тайёрлашда ҳам ҳамкорлик қиламиз. Икки ой ичида Хитой ишбилармонларидан иборат катта делегацияси юртимизга келади. Юртимиз ҳудудларида йирик лойиҳаларни бошлаши кутилмоқда.

Дарҳақиқат, икки мамлакат узоқ йиллик стратегик шерик ва ишончли дўстлар саналади. Ўзаро ишонч ва ҳурмат кўп йиллик истиқболли ҳамкорликка замин бўлиши шубҳасиз.

ЎзА мухбири

Икром АВВАЛБОЕВ

 ёзиб олди.