Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.
– Қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида кўриб чиқиш ваколатини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар ваколатига ўтказишга ҳамда юқори инстанция судлари томонидан суд қарорларини бекор қилиш ва ишни янгидан кўриш учун қуйи судга юбориш амалиётини тугатишга доир процессуал қоидаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда, – деди депутат Даврон Арипов. – Суд ишларини юритиш жараёнида ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижаларига кўра янги институтлар жорий этилди, фуқаролар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида ярашув, дастлабки эшитув, медиация, шунингдек, суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш каби институтлар такомиллаштирилди. Апелляция шикоятларининг кўпайиши судларда иш ҳажмининг ортиши, харажатлар кўпайишига сабаб бўлмоқда. Олий судда баъзи ишларни кўриш муддатлари 1 йилгача чўзилиб кетиши мумкин. Шунингдек, ҳужжатларда суд ишларини оқилона кўриш белгиланган. Яъни оқилона кўриб чиқиш деганда суд ишини кўриш бошланиб, тўлиқ якунига етказиш назарда тутилади. Аммо аниқ муддат белгиланмаган. Шу боис, судда ишларни кўриш муддатлари белгилаб берилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши судьяларнинг масъулиятини оширишга, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига, суд қарорларини қайта кўришда вилоят судларининг ҳамда уларга тенглаштирилган судларнинг имкониятларидан самарали фойдаланишга, фуқароларнинг шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ва норозиликларнинг олдини олишга ҳамда ортиқча сарсонгарчиликларга йўл қўймасликка хизмат қилади.
Муҳокамаларда депутатлар айрим савол ва таклифларни ўртага ташлади. Моддама-модда қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА