Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Мажлисни кириш сўзи билан очган Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов мамлакатимизда бўлиб ўтган халқаро тадбир ҳамда Президентимизнинг Хитойга давлат ташрифи хусусида тўхталиб ўтди.
— Самарқанд шаҳрида муҳим халқаро тадбир — Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши бўлиб ўтди. Унда давлатимиз раҳбари иштирок этиб, халқаро ташкилотлар, жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорликнинг муҳим йўналишларини кўрсатиб ўтди. Жумладан, хусусийлаштириш ва хусусий сектор учун кенг шароитлар яратиш, инфратузилма, тиббиёт, таълим, транспорт, экология каби давлат ихтиёридаги соҳаларда давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини кенгайтириш, “яшил иқтисодиёт”, айниқса, “яшил энергия” соҳаларини жадал ривожлантириш, аёллар тадбиркорлигини янада қўллаб-қувватлаш, янги агротехнологияларни жорий этиш, сувни тежаш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида банк билан ҳамкорликда янги лойиҳа ва дастурлар амалга оширилиши маълум қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифини амалга оширди. Ташриф доирасида қатор келишувларга эришилди. Хусусан, Қўшма баёнот имзоланиб, 2023-2027 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида янги даврдаги ҳар томонлама стратегик шерикликни ривожлантириш дастури қабул қилинди. Шунингдек, давлатимиз раҳбари “Марказий Осиё – Хитой” биринчи саммитида иштирок этиб, нутқ сўзлади. Саммит якунида Сиань декларацияси қабул қилинди.
Олий даражадаги учрашувларда эришилган келишувлар, муҳим ҳужжатлар мамлакатимиз равнақи, иқтисодиётимиз ривожига хизмат қилади. Ўз навбатида, парламент вакилларидан бу каби халқаро даражадаги ҳужжатлар ижроси таъминланишига парламент назорати даражасида эътибор қаратиши талаб этилади, — деди Спикер.
Муҳтарама Комилова, ЎзА