Қозон шаҳрида XIV “Россия – ислом дунёси: Казанфорум” халқаро иқтисодий форуми доирасидаги ушбу ташриф мобайнида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари номидан қатнашаётган Бухоро давлат университети ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Обиджон Ҳамидов бир қатор ишларни амалга оширди.

Хизмат сафари аввалида Қозон федерал университети раҳбарияти билан учрашди. Ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ректор Обиджон Ҳамидов Қозон федерал университетининг Бошқарув, иқтисодиёт ва молия институти туризм таълим йўналиши талабалари учун халқаро туризм фани доирасида “Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти ва уни самарали ривожлантиришнинг йўллари” мавзусида маъруза ўқиди. Ушбу маърузада университет раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари, 40 нафар талаба ёшлар иштирок этди.

Ректор ўз нутқида Ўзбекистон олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қурилаётган янги кампуслар, талабалар билимини оширишда ва таълим сифатини оширишда хорижий технологияларини жалб қилиш ҳолати бўйича маълумот бериб ўтди. Университетнинг бошқарув, иқтисодиёт ва молия институти кафедра мудирлари билан кечган учрашувда кафедралараро ҳамкорлик алоқаларни кенгайтириш, янги илмий лойиҳаларга асос солиш, қисқа академик талабалар алмашинувини йўлга қўйиш, янги стартапларни биргаликда ишлаб чиқиш, қўшма таълим дастурларига талабаларни жалб қилиш, халқаро илмий платформаларда илмий мақолаларни чоп этиш, халқаро рейтингларга кириш каби масалалар ҳақида фикр юритилди. Қозон федерал университети ҳамда Бухоро давлат университети ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси асосида ҳар йили 20 нафар профессор-ўқитувчилар илмий стажировка ўтаб келмоқда. Шундан сўнг, Қозон федерал университети ташаббуси билан ректор Обиджон Ҳамидов Қозон шаҳридаги олий таълим муассасасида таълим олаётган талабалар билан учрашув ўтказди.

Қизғин очиқ мулоқот тарзида кечган учрашувда Ўзбекистонда ёшлар учун олиб борилаётган ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва келгусидаги режалар хусусида сўзлаб берилди. Шунингдек, ҳар бир талаба ва ватандошимизнинг мурожаатига қулоқ тутиб, уларнинг ҳол-аҳволи сўралди ва келгусидаги ишларига муваффақиятлар тиланди. ХIV “Россия — Ислом дунёси: Казанфорум” халқаро иқтисодий форуми доирасида ректор Обиджон Ҳамидов Қозон федерал университети ректори Сафин Ленар Ринатович билан учрашув ўтказди. Янгиланган қўшимча ҳамкорлик шартномасини имзолади. Унга кўра эндиликда университетлараро халқаро таълим, илмий-тадқиқот ва илмий-техник лойиҳалар, конгресслар, симпозиумлар, конференциялар, семинарларни амалга ошириш ва ташкил этишда иштирок этиш масалалари кўриб чиқилди. Шунингдек, Бухоро давлат университети ҳамда Татаристоннинг Иннополис университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Ҳамкорлик шартномаси асосида эндиликда таълим соҳасида қўшма таълим дастурлари ва илмий дастурларни ишлаб чиқиш, қўшма илмий тадқиқотлар ўтказиш, таълим соҳасида фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар ҳамда инновацион фаолиятни биргаликда амалга ошириш ишлари бошланади. Таъкидлаш жоизки, Иннополис университети Иннополис шаҳридаги ахборот технологиялари ва робототехника соҳасида таълим, тадқиқот ва ишланмаларга ихтисослашган Россия автоном нотижорат олий таълим ташкилоти сифатида шуҳрат қозонган. Иннополис университетида юқори технологиялар соҳасида ишлаб чиқувчилар, менежерлар ўқитилади. Ахборот технологиялари ва робототехника соҳаларида илмий тадқиқотлар олиб борилади. БухДУ ректори Обиджон Ҳамидовнинг форум спикерлари М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети ректори Виктор Садовничий, Татаристон Республикаси Фанлар Академияси президенти Макзюм Салахов, Татаристон Республикаси таълим ва фан вазири Илсур Хадиуллин, тожик олими, юқори тоифали жарроҳ, тиббиёт фанлари доктори Маҳмадшо Курбоналилар билан учрашуви университетлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар алмашинуви, илмий стажировкани йўлга қўйиш каби ижобий масалаларга ечим бўлди.

Форум мобайнида “Ўзбекистон Республикасининг фан ва таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги” мавзусидаги тақдимотда ректор Ўзбекистонда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган янгиликлар, таълим тизимини такомиллаштириш учун хизмат қилаётган хорижий технологиялар хусусида гапириб ўтди. Шунингдек, БухДУда 100 дан ортиқ хорижий университетлар, шу жумладан, АҚШ, Германия, Россия, Беларусь, Голландия, Исроил, Италия, Финляндия, Франция, Чехия, Хитой, Ҳиндистон, Корея Республикаси ва бошқалар билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари яратилгани, сўнгги 5-6 йил ичида университет профессор-ўқитувчиларининг асосий иш ҳақи ўртача 4 баравар ошгани, айни вақтда республиканинг 37 та олий ўқув юрти, шу жумладан, Бухоро давлат университети ҳам академик ва молиявий мустақилликка эга эканлиги, ушбу университетлар молиявий барқарорликни таъминлаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва тўлов-контракт асосида қабул параметрларини тасдиқлаш бўйича ўз сиёсатини мустақил равишда белгилаши мумкинлиги, шунингдек, улар мустақил равишда ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаётганликлари йиғилганлар эътиборига тақдимот орқали етказилди.

Хизмат сафари мобайнида ўзбекистонлик ёшлар билан учрашув ватандошларимизда чуқур таассурот қолдирди. Учрашувда Бухоро давлат университети, Самарқанд Иқтисодиёт ва сервис институти қўшма таълим дастурларида таълим олаётган талабалар ҳамда Қозон федерал университети талабалари иштирок этди. Учрашувдан кўзланган мақсад, мамлакатимизда ёшларга яратилган шароитлар тўғрисида, шу билан биргаликда, уларни келгусида магистратурада таҳсил олишлари, ўз юртларига қайтиб яхши мутахассис бўлишлари, таълим тизимлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, учрашувда Ўзбекистонда ёшлар билан ишлаш борасидаги сўнгги ўзгаришлар ва ислоҳотлар, таълим ва маданий-гуманитар алмашинув соҳасидаги янги меъёрий ҳужжатлар қайд этилди. Сўнгида талабаларни қизиқтирган долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.


Зариф Комилов, ЎзА