Кеча тунда Аргентинада давом этаётган футбол бўйича U-20 Жаҳон чемпионати “Е” ва “Ф” гуруҳларидаги 1-тур баҳслари билан 6 та гуруҳдаги дастлабки учрашувлар якунланди.

“Е” гуруҳида Англия –Тунисни 1:0, Уругвай – Ироқни 4:0 ҳисобида мағлуб этди. “Ф” гуруҳида Франция – Жанубий Кореяга 1:2 кўринишида мағлубиятга учраган бўлса, Гамбия – Гондурасни 2:1 ҳисобида енгди.

Бугун, 23 майдан 24 майга ўтар кечаси “А” гуруҳида Янги Зедандия – Ўзбекистон, Аргентина – Гватемала, “Б” гуруҳида АҚШ – Фиджи, Словакия – Эквадор ўйинлари билан гуруҳ босқичидаги 2-тур ўйинларига старт берилади.

Миллионлаб ўзбек футболи ихлосмандлари орзиқиб кутаётган Янги Зеландия — Ўзбекистон учрашуви бугун Тошкент вақти билан 23:00 да бошланади.

Айтиш лозим, 2013 йили Туркияда ўтказилган U-20 Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида ҳамюртларимиз “Ф” гуруҳида айнан Янги Зеландия жамоаси билан куч синашиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган эди. Ўшанда терма жамоамиз гуруҳ босқичида хорватлар билан дуранг ўйнаган бўлса, Уругвай жамоасидан 0:4 ҳисобида мағлубиятга учраб, гуруҳ босқичидан чиқа олмаган.

Янги Зеландия ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Даррен Базелей Ўзбекистонга қарши ўйин мураккаб кечиши хусусида ўз интервьюсида билдириб ўтди.

Албатта, Янги Зеландия — Ўзбекистон баҳси ҳар жиҳатдан кучли руҳий босим остида ўтиши табиий. Янги Зеландия жамоасига гуруҳдаги ғалабали одимни мустаҳкамлаш мақсади бўлса, ҳамюртларимиз учун илк турда йўқотилган 3 очко ўрнини қоплаш асосий вазифа саналади.

Айнан «яшил» қитъа вакиллари билан бўладиган 2-тур ёш футболчиларимизнинг жаҳон чемпионати кейинги босқичига ўтиш йўлагидаги мураккаб довон ҳисобланади.

Шу жиҳатдан, Равшан Ҳайдаров жамоаси бугун майдонга фақат ғалаба учун тушиши шубҳасиз. Бу йўлдаги ҳаракат, тактик ёндашув ва энг муҳими майдоннинг ҳар бир чизиғидаги вазиятларда истеъдодли футболчиларимизга омад йўлдош бўлишини қалб қўримиз билан истаб қоламиз.


Т.Рўзиев, ЎзА