Бугун жамиятимизнинг барча жабҳалари сингари божхона соҳасида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бермоқда. Жумладан, ташқи савдо юкларининг божхона расмийлаштируви ва божхона назорати соддалаштирилмоқда, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароит яратилмоқда.
Бунинг натижасида мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси ҳажми ортиб, давлат бюджетига тушириладиган даромадлар қиймати ҳам кафолатланмоқда. Биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг январь-апрель ойлари давомида ўзининг фискал вазифаларини бажариш доирасида божхона тўловларидан давлат бюджетига қарийб 133 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилиши таъминланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 107,5 фоизга ортди.
Ҳукумат қарорлари асосида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилган имтиёзлар доирасида бошқарма томонидан ҳисобот даврида қарийб 224,3 миллиард сўм миқдорида божхона тўловидан имтиёз ва преференция қўлланилган.
Бундан ташқари, жорий йил бошидан дастлабки тўрт ой давомида бошқарманинг хулосалари асосида жами 10 та ташкилотга 96 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўловини кечиктириб тўлашга рухсат берилди. Бу эса ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг оғирини осон қилиб, ўз фаолиятини йўлга қўйиб олишларида ҳам аҳолига янги иш ўринлари яратилишида алоҳида тиргак вазифасини бажармоқда.
2023 йилнинг дастлабки 4 ойи якунига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича товарлар ташқи савдо айланмаси 181,7 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шундан, 93,9 миллион АҚШ доллари қийматидаги товар экспорти амалга оширилган бўлса, импорт товарлар улуши эса 48,3 фоизга тенг бўлди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳисобот даврида бошқарма ТИФ ва МЭД постлари орқали экспорт қилинган товарларнинг асосий улуши пластмассадан ясалган буюмлар, ип калава, фармацевтика, кимё саноати маҳсулотлари, тўқимачилик маҳсулотлари, артемия цистаси, жун, мўйна, тери ва улардан ясалган буюмлар ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тўғри келади. Товарлар импортида эса металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, ёғоч ва тахта маҳсулотлари, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, технологик асбоб-ускуналар, нефт, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати маҳсулотлари, электротехника ва унинг қисмлари етакчилик қилмоқда.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари асосан Россия, Хитой, Қозоғистон, Беларусь, Туркия, Корея, Германия, Туркманистон ва бошқа давлатлар билан ўзаро савдо-сотиқ муносабатларини йўлга қўйган.
2023 йилнинг январь-апрель ойлари давомида бошқарманинг Масофавий электрон декларациялаш (МЭД) божхона пости томонидан жами 6 мингта божхона юк декларацияси расмийлаштирилган бўлиб, шундан экспортга расмийлаштирилгани 3657 тани ёки 60 фоизни ташкил этади. Яъни, ушбу даврда Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тасарруфидаги божхона постлари орқали ҳаракатланган ташқи савдо юкларининг қарийб 89 фоиз божхона кўригидан ўтказилмаган ёхуд соддалаштирилган божхона назоратидан ўтказилган бўлиб, атиги 11 фоиз юкка нисбатан божхона кўриги амалга оширилган.
Яратилган шароитларга қарамасдан, божхона тўловларидан бўйин товлаш, божхона ходимларининг кўзларини “шамғалат” қилишга уриниб, божхона чегаралари орқали ноқонуний товар моддий бойликларни олиб ўтишга ҳаракат қилиш ҳолатлари тўхтамаяпти. Лекин, бу каби барча ғайриқонуний ҳаракатларга туну-кун сарҳадларимизда сергак божхоначилар томонидан ўз вақтида чек қўйилмоқда.
Қорақалпоғистонлик божхоначилар томонидан жорий йилнинг январь-апрель ойларида жами 204 та ҳолатда қиймати 5 миллиард сўмлик товар моддий бойлик ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида ушлаб қолинди. Жумладан, ҳисобот даврида жами қиймати 166,1 миллион сўмлик 1210 литр сифати кафолатланмаган спирт ва қўлбола усулда тайёрланган алкоголь ичимликларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди. Шунингдек, 9 та ҳолатда 639,48 гр гиёҳвандлик моддаси, 400 дона “Баклосан” ва “Баклофен” психотроп воситаси, кучли таъсир қилувчи моддалардан 43 дона “регапен”, 24 флакон “Тропикамид” дори воситаси ноқонуний айланмадан олинди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири