Қорақалпоғистон Республикаси И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида “Мулоқот” халқаро замонавий санъат лойиҳаси ўз ишини бошлади.
Дастлаб оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда лойиҳанинг мазмун-моҳияти, ташкил этиладиган кўргазмалар, режалаштирилаётган тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
“Мулоқот” халқаро замонавий санъат лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси И.Савицкий номидаги давлат санъат музейи, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейи, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими ва “Рухсор” замонавий санъат музейи кўмагида Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида илк маротаба амалга оширилмоқда. Тадбирдан асосий мақсад санъат соҳасидаги ўзгаришлар, вақт ва инсоният кечинмалари билан боғлиқлиги ҳақида фикр алмашиш, турли мамлакатларнинг замонавий ижодий усуллари билан танишиш, маданият ва санъат соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилиш.
Лойиҳа доирасида Оролбўйининг маданий ва бадиий муассасаларида, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида, Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида, Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлимининг кўргазмалар залида бир қатор халқаро кўргазмалар намойиш этилади. Шунингдек, экскурсиялар, маданият вакилларининг санъат тарихи ҳақида давра суҳбати ўтказилади.
Тадбир И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида германиялик рассом Инна Aртёмованинг “Проундан сўнг. Инсониятдан кейинги бўшлиқ ҳақида мулоҳазалар” номли кўргазмаси билан бошланди. Мазкур кўргазмада инсониятнинг янги технологияларга бўлган муносабати, кундалик ҳаёт, экологик муаммолар ва келажакда содир бўлиши мумкин бўлган ҳодисалар баён этилади. Рассом асарида буюмлар бир-бири билан ўзаро кесишган ҳолда уйғунлаштирилиб, бир бутун композицияни ҳосил қилган.
Инна Aртёмова 2013-2020 йили Берлиндаги Beuth университетининг меъморчилик кафедрасида меъморчилик чизмаларидан дарс берган. 2019 йили Қирғизистон миллий тасвирий санъат музейи унинг асарларидан ташкил топган “Келажак манзаралари” номли шахсий кўргазмасини намойиш этган. Шунингдек, Германия, Aнглия, Aвстрия, Италия ва Сербияда ўтказилган кўплаб кўргазмаларда ҳам қатнашган.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, лойиҳа доирасида 19 май Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида, 20 май куни Ўзбекистон Бадиий академияси Қорақалпоғистон бўлими кўргазмалар саройида ўтказиладиган тадбирларда турли давлатларнинг XXI асрдаги рассомчилик санъатидаги энг замонавий ижод намуналари билан танишиш имконияти яратилади.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА