“Айқулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли жорий йил 29 апрель – 1 май кунлари Шимолий Македонияда бўлиб ўтган “SARAJ FEST – 2023” ҳамда 30 апрель – 13 май кунлари TÜRKSOY ташкилоти томонидан Озарбайжоннинг санъат бешиги саналган Шуша шаҳрида ўтказилган “Харибулбул” халқаро фольклор фестивалларида муваффақиятли иштирок этди.
Озарбайжонда ўтказилган фестивалда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон. Венгрия, Молдавия, Россия, Туркия сингари кўплаб давлатларнинг фольклор жамоалари иштирок этди.
– Фестиваль доирасида ҳар бир давлатдан келган делегация аъзолари ташкилотчилар билан учрашиб, унда келгусида ҳамкорлик қилиш юзасидан музокоралар олиб борилди, – дейди ансамбль директори А.Алланиязов. – Сафар давомида ансамблимизнинг тарихи, ютуқлари ва хорижий сафарлари билан чет эллик ҳамкасбларимизни яқиндан таништирдик. 27 нафар ижодкордан иборат жамоа аъзолари томонидан ижро этилган кўй-қушиқ ҳамда рақслар барчада катта таассурот қолдирди.
Айниқса, Қорақалпоғистон халқ жирови Бақберген Сиримбетов ва бахши Қуўаниш Сейтимов томонидан ижро этилган достонлардан парчалар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
– Озарбайжон маданият вазири Адил Керимли бахши-жировларнинг чиқишини катта қизиқиш билан томоша қилди. Келгусида ҳам ижодий ҳамкорлик қилиш бўйича таклифлар билдирди, – дейди А.Алланиязов.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА