Украина Президенти Владимир Зеленский Хиросимага ташриф буюради ва у “Катта еттилик” саммитида иштирок этади. Бу хабарни Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Алексей Данилов тасдиқлади.
“Хиросима саммитида жуда муҳим қарорлар қабул қилинади, шунинг учун бизнинг манфаатларимизни ҳимоя қилиш, аниқ таклифлар ва мамлакатимизда содир бўлаётган воқеалар ҳақида аниқ далиллар келтириш учун президентнинг шахсан иштироки жуда зарур”, деди Данилов.
Аввалроқ “Kyodo” агентлиги АҚШ ва Япония ҳукуматларидаги “кўплаб манбаларга” таяниб, Зеленский “G7” саммитида иштирок этиши ҳақида хабар берган эди.
“Bloomberg” агентлиги, шунингдек, Украина президенти Саудия Арабистонида ўтаётган Араб Лигаси ишида қатнашгандан сўнг, Америка ҳарбий самолётида Японияга етиб келиши хабарини тарқатган эди.
Япония жорий йил “G7”га раислик қилмоқда. 19-21 май кунлари Хиросимада “катта еттилик” саммити бўлиб ўтмоқда.
ЎзА