Венеция – экологик, меъморий ва тарихий жиҳатдан ноёб шаҳар. Бежиз Венецияда сайёҳлар кўп эмас, улар денгиз атрофида жойлашган қадимий иморатлар, узоқдан сузиб келаётган кемалар, сув тўлқини ва учиб юрган қушларни тез-тез соғинади, чоғи… Шаҳар ҳавосини-ку, асти қўяверинг.

Адриатик денгизи шимолидаги йирик порт ҳисобланган Венеция дунёдаги энг қадимий сайёҳлик ва маданият марказларидан бири. ЎзА ходимлари бетакрор манзаси билан кўнгилларни хушнуд этувчи манзилдан махсус мақола ва фото репортаж тайёрлади.

Шаҳар хусусида қизиқарли фактлар

Кўп бор “Дунёдаги энг гўзал шаҳар” номини олган Венеция машҳур сайёҳлик маскани, йирик маданий марказ сифатида XXI асрда ҳам мунтазам эътироф этилаётгани рост. Тўғри, шаҳар муайян муаммоларга ҳам дуч келяпти. Масалан, “Сентро сториcо”да сайёҳлар сони меъёридан кўплиги, шунингдек, ифлосланиш даражаси юқорилиги, тинимсиз сув тошқини ва круиз кемалари биноларга жуда яқин сузиб юриши… Европанинг энг романтик шаҳарларидан бири – Венеция “шубҳасиз, инсон қўли билан бунёд этилган энг гўзал шаҳар” дея таърифланган.

Венето вилояти маркази ҳисобланган Венеция Италиянинг шимоли-шарқида жойлашган, маъмурий манзил сифатида вилоятга тенглаштирилган ҳудудий бирлик. Шаҳар очиқ сув кенгликлари ва каналлар билан ажратилган 118 кичик оролдан иборат. Айрим қисмлар 400 дан зиёд кўприк билан боғланган.

Ороллар саёз Венеция лагунасида, По ва Пиаве дарёлари ўртасидаги ёпиқ кўрфазда жойлашган. 2020 йил статистикасига кўра, 258 минг 685 киши каттароқ Венецияда, яъни “Komuna di Venezia”да истиқомат қилган. Уларнинг 55 мингга яқини тарихий оролда, қолганлари материкда.

Падуа-Тревисо-Венеция метрополитан ҳудудида эса жами 2,6 миллион киши қайд этилган.

“Венеция номи қачон пайдо бўлган?”, деган савол қизиқ бўлса керак. Тарихий маълумотлар гувоҳлик беришича, милоддан аввалги X асрда шу ҳудудда яшаган кишилар ҳам қадимги венецияликлар, дейилган. Шаҳар 697 йилдан 1797 йилга қадар Венеция Республикаси пойтахти бўлган. Ўрта асрлар ва Уйғониш даврида йирик молиявий қудратга, денгиз ҳудудига эга бўлиб, салб юришлари, Лепанто жанги учун жанг майдони вазифасини ўтаган.

XXIII асрдан XVII аср охиригача бу ерда савдо-сотиқ ривожланган, хусусан, ипак, дон ва зираворлар кўп ишлаб чиқарилган. Венеция санъат маркази сифатида IX асрдан буён тан олинади, XIVасрда нуфузли халқаро молия марказига айланган.

Асрлар давомида Венеция Адриатик денгизи бўйида ва Италия ярим оролида кўплаб ҳудудларни бирлаштирган, бугунги кунда ҳам сақланиб қолган архитектураси ва маданияти билан тараққиётга сезиларли таъсир кўрсатган. Шаҳар 1866 йил Италия Қироллиги таркибига кирган.

Венеция нега сувда?

Шаҳардаги барча бинолар жуда зич жойлашгани боис, кўринмайдиган кичик майдонлар ҳосил қилган. Ўз навбатида, ороллар денгиз сувига ботиб кетган. Қуруқ ҳудудлар орасидаги бўғозлар чуқурлиги 2,5 метрдан ошмайдиган каналларга айланган.

Илм-фан, маданият жўш ураётган Венеция…

Йирик сайёҳлик ва илмий-таълим маркази бўлмиш Венецияда денгиз порти, Maркo Поло номли халқаро аэропорт, нефтни қайта ишлаш заводи ва бошқа йирик корхоналар мавжуд. Венеция карнавали ва Венеция кинофестивали ҳам анча машҳур.

Шаҳарнинг меъморий қиёфаси ХIV-ХVI асрларда – Венеция Республикаси гуллаб-яшнаган даврда шаклланган. Венеция лагунаси ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Венеция ҳамон ўз мафтункорлигини сақлаб келяпти. Тарихга бой шаҳар давлатлар маданияти ва санъатини намойиш этиш, турли миллат вакиллари ўтмишини ўрганиш, ўзаро салоҳиятни бирлаштириш йўлида ҳар мавсум йирик халқаро кўргазма, анжуманларга мезбонлик қилаётган диёр сифатида томошабинлар, сайёҳлар кўнглидан жой олган.

Беҳруз Худойбердиев ,

 Нишонбой Абдувоитов (сурат) тайёрлади.

ЎзА

Венеция, Италия