“Ўзбекистон нефть ва гази – OGU 2023” халқаро кўргазмаси доирасида ўтказилган яна бир учрашув “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва Озарбайжоннинг “SOCAR” компанияси масъуллари ўртасида бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида Ўзбекистон томони икки компания ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдорлиги учун “SOCAR” компанияси президенти Ровшан Наджафга миннатдорлик билдирилди.
Ўз сўзи давомида хорижий ҳамкорлар “Upstream” ва “Downstream” йўналишларида алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш лойиҳасида иштирок этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикасидаги конларни биргаликда ўзлаштиришга алоҳида қизиқиш билдирилди. Шу билан бирга, “SOCAR” раҳбарияти томонидан мамлакатимиз ҳудудида оператор сифатида хизмат кўрсатиш шартномаларида иштирок этишга тайёр эканлиги маълум қилинди.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “SOCAR” билан ҳамкорликда «SOCAR Trading” қўшма корхонасини ташкил этиш масаласи ҳам йиғилиш кун тартибида кўриб чиқилди.
Ўз навбатида, «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан “SOCAR” компанияси раҳбариятига компаниялар ўртасидаги потенциал ҳамкорликни ҳамда экологик стандартларга мувофиқ қайта тикланадиган энергетика соҳаларини ривожлантириш борасидаги қизиқиши учун миннатдорлик билдирди. Шу муносабат билан ушбу йўналишни ривожлантириш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш таклиф қилинди.
Учрашув якунлари бўйича барча соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини янада ўрганиш ва барча қўшма лойиҳаларни давом эттириш бўйича келишувларга эришилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА