Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди.

Ўндан зиёд давлатдан 500 га яқин полвонлар иштирок этган чемпионатда Ўзбекистон терма жамоасининг 13 ёшли аъзоси Шоҳсанам Мирфозилова 53 кг. вазн тоифасидаги баҳсларда нафақат чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди, балки Осиё рекордини янгилади. У 10 дақиқа ичида 16 кг. тошни 137 маротаба кўтаришга муваффақ бўлди.

Терма жамоамиз аъзоларидан +95 килограммда Шерали Носиров ғолиблик шоҳсупасидан жой олди. Фахрийлар ўртасидаги 73 кг. вазн тоифаси беллашувларда Воҳиддин Нажмиддинов энг яхши натижа билан олтин медаль соҳибига айланди.

Ҳамюртларимиздан Элёр Урушев, Отамурод Туродов, Шоҳруҳ Ҳамидов ва Жавоҳир Қурбонов кумуш медални қўлга киритди. Темур Риболкин, Исматилло Аҳмедов, Шодилбек Эргашев ва Радмир Асанов бронза медалига сазовор бўлди.

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё чемпионатида 4 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза медали билан умумжамоа ҳисобида 3-ўринни қўлга киритди.

Т.Рўзиев, ЎзА