Сенат Раиси Танзила Норбоева Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонда ўндан ортиқ лойиҳа доирасида ёшларимизнинг салоҳиятини оширишга ҳисса қўшаётганини қайд этди. Яъни, инсон капиталини ривожлантиришга катта кўмак берилмоқда.
– Мамлакатимиз демографик жиҳатдан тез ўсиб бормоқда, – деди Т.Норбоева. – Ҳар йили 600 мингга яқин ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда. Уларнинг барчасини ўқитиш ва касбга тайёрлаш, шу билан бирга, муносиб меҳнат, муносиб иш ҳақи ва хавфсиз меҳнат шароитлари билан таъминлаш зарур. Албатта, бу йўналишда ва биз учун стратегик аҳамиятли бўлган бошқа масалаларда Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан изчил ва самарали ҳамкорлик қилишимиз ниҳоятда муҳим.
Бу фикрлар Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик анжумани доирасида ўтказилган “Янги кўникмалар йўли – Марказий Осиёда инсон капиталини шакллантириш” мавзуида ташкил этилган сессияда қайд этилди.
Муҳокамалар давомида мамлакатлар аҳолисининг ўсиб бораётган, ёш ва бошқа қатламлари салоҳиятидан қай тарзда самарали фойдаланиш ҳамда мазкур салоҳиятни қандай қилиб барқарор ўсиш катализаторига айлантириш мумкинлиги юзасидан фикр алмашилди.
Хусусан, профессионал таълимни янги ёндашувлар асосида ташкил этиш, аҳолини, айниқса, ёшларни замонавий касбларга ўргатиш, бунда хусусий сектор улушини ошириш, бу доирадаги барча жараёнларнинг қонуний асосларини такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Н.Абдураимова, ЎзА